Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон аҳоли даромадлари ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига чиқишини айтди
Хусусий секторни рағбатлантириш ва хорижий инвестициялар ҳисобига аҳоли даромадларини оширилади

Ўзбекистон Президенти мамлакатдаги мавжуд ресурс ва имкониятларни сафарбар этган ҳолда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот ҳажмини янада ошириш мақсад қилинганини қайд этди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев инаугурация маросимида хабар берди.
Маълум қилинишича, миллий иқтисодиётни, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида ривожлантириш устувор вазифалардан саналади.
«Насиб этса, 2030 йилга бориб, Ўзбекистон жон бошига ҳисоблаганда, аҳоли даромадлари ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин эгаллайди. Бунга, аввало, хусусий секторни рағбатлантириш ва унинг улушини ошириш ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳисобидан эришиш кўзда тутилмоқда», — дея таъкидлаган Президент инаугурация маросимида.
Шунингдек, Президент «хомашёдан — тайёр маҳсулотгача» тамойили асосида драйвер соҳаларда кластер тизимини ривожлантириш режалаштирилганини айтган. Иқтисодиётда юқори ўсиш суръатларига эришиш учун, аввало, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаб, инфляция даражасини белгиланган 5 фоизгача пасайтириш чоралари амалга оширилиши қайд этилган.
Шу билан бирга, бюджет ва ташқи қарз барқарорлигини таъминлаш, маҳаллий бюджетларнинг имкониятларини кенгайтиришга биринчи даражали эътибор қаратилиши айтилган. Тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, солиқ юкини камайтириш, ҳаммага тенг бўлган бизнес муҳитини ва зарур инфратузилма яратиш бўйича бошланган ислоҳотлар қатъий давом эттирилиши таъкидланган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёв инвестиция лойиҳаларининг самарадорлиги бўйича йиғилиш ўтказгани хабар қилинганди. Шунингдек, Президент янги уй-жой массивлари нархини 2021 йилги даражада ушлаб қолиш зарурлигини айтгани ҳақида хабар берилди.






