Шавкат Мирзиёев тиббиётга йўналтириладиган маблағ 2 баравар оширилишини айтди
Шифокорлар ойлигини 5 йилда 1000 долларга етказиш мўлжалланмоқда

Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида аҳоли саломатлигини таъминлаш ҳар доим бош вазифа бўлиб қолади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев инаугурация маросимида маълум қилди.
Маълум бўлишича, соғлиқни сақлаш соҳасига йўналтириладиган маблағларни 2 баробар ошириш, жумладан, келгуси беш йилда олий тоифали шифокорлар маошини эквивалент ҳисобида 1000 долларга етказиш мўлжалланмоқда.
«Асосий мақсад — тиббиёт соҳасини чинакамига халқ дардига дармон бўладиган, юқори самара билан ишлайдиган тизимга айлантиришдан иборат», — деган Президнент.
Таъкидланишича, тиббиётнинг бирламчи бўғини орқали тиббий профилактикага, оилавий шифокорлар ролини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
Жумладан, аҳоли орасида энг кўп тарқалган ва эрта ўлимнинг асосий сабаби бўлган касалликларни барвақт аниқлаш, мақсадли скрининг тадбирларини амалга ошириш, профилактик махсус препаратлар билан бепул таъминлаш ҳамда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш чоралари кўрилади.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон аҳоли даромадлари ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига чиқишини айтганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёв инвестиция лойиҳаларининг самарадорлиги бўйича йиғилиш ўтказгани ҳақида хабар берилди.






