Шавкат Мирзиёев янги қурилган Геология фанлари университетига борди
Президент кетаётган қурилиш ишларини сифатли якунлаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев Геология фанлари университетига бориб, у ердаги шароитлар билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Президент 2020 йил 31 январь куни Геология фанлари университети қурилишига тамал тоши қўйган. Президент ташаббуси билан 2020 йили Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимида Геология фанлари университети ташкил этилган. Университетга ташрифида Президент яратилган шароитлар билан танишган.

«Геология иқтисодиётга сув ва ҳаводек зарур. Охирги йилларда илмий мактабларни тиклаб, кадрлар тайёрлашга эътибор қаратаяпмиз, энг илғор илмий методикаларни жорий этиб, лаборатория ускуналарини ўрнатиб, замонавий шароитлар яратаяпмиз. Энди натижага ишлаш керак», — деган Шавкат Мирзиёев.
Таъкидланишича, университетда бакалавриат бўйича 7 та ва магистратура бўйича 6 та йўналишди умумий 700 нафардан ошиқ талаба таҳсил олмоқда. Бу йўналиш ва мутахассисликларни соҳа эҳтиёжига қараб кенгайтириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, 5 йиллик тажрибага эга, геология соҳасида ишлаб келаётган ходимлар учун таълимнинг сиртқи шакли ташкил этилган. Шунингдек, давлат раҳбари шу ерда талабалар, профессор ва ўқитувчилар билан суҳбатлашган.
Хабарга кўра, лойиҳанинг биринчи босқичида ўқув биноси, ётоқхона ҳамда 2 та илмий институт, кутубхона, лаборатория ва геология музейи бинолари қурилган. Иккинчи босқичда эса 7 қаватли лаборатория, 5 қаватли Давлат геология қўмитаси маъмурий биноси, 7 қаватли геология фонди ва Ўзбек геология қидирув биноси ҳамда спорт комплекси қурилади. Президент қурилишни сифатли якунлаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берган.

Маълумот ўрнида, университет таркибида Ҳабиб Абдуллаев номидаги Геология ва геофизика институти, Минерал ресурслар институти, Гидрогеология ва муҳандислик геологияси институти, Нефть-газ конлари геологияси ва қидируви институти, Геология соҳаси кадрлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Геоинновацион технологиялар маркази ҳамда Давлат геология музейи фаолият юритади.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Мирзо-Улуғбек туманидаги IT-парк қурилиши билан танишгани хабар қилинганди.






