Шерзод Шерматов АТКР вазири этиб маъқулланди. Элчи халқ таълими вазири бўлади
Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчиси Бахтиёр Саидов халқ таълими вазири лавозимига маъқулланди

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири этиб маъқулланди. Бу ҳақда олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев хабар берди.
Маълум қилинишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 17 ноябрь кунги ялпи йиғилишида 2 та ташкилий масала кўриб чиқилган:
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири лавозимига шу кунгача халқ таълими вазири лавозимида ишлаб келаётган Шерзод Хотамович Шерматов номзоди маъқулланган.
Шунингдек, халқ таълими вазири лавозимига шу кунгача Ўзбекистоннинг Хитойдаги фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимида ишлаб келаётган Бахтиёр Одилович Саидов номзоди маъқулланган.
Аввалроқ «Ўзкомназорат» Telegram мессенжери ҳамда YouTube, Instagram, Facebook ва Odnoklassniki тармоқларининг Ўзбекистондаги фаолиятини чеклаб қўйилганди. Улардан айримлари Ўзбекистонда VPN’сиз ишламаётганди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев хабардор бўлганидан сўнг мамлакатда 3 ноябрь куни фаолияти чекланган ижтимоий тармоқлар қайта ишлай бошлади. Ўзбекистон Бош вазиринг қарорига асосан Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси бошлиғи Ғолибшер Зияев нотўғри ва келишилмаган ҳатти-ҳаракатлари учун эгаллаб турган вазифасидан четлатилди.
Шундан сўнг интернет-платформалар фаолиятини чеклаш билан боғлиқ воқеа ортидан бош вазир маслаҳатчиси — IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи Олимжон Умаров ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов эгаллаб турган лавозимларидан озод этилганди.






