Словакия компаниялари Ўзбекистонда гидротехник иншоотлар хавфсизлиги бўйича лойиҳани амалга оширади
Ўзбекистоннинг Венадаги элчихонаси вакиллари Братиславада MicroStep–MIS ва Vodohospodarska vystavba компаниялари вакиллари билан учрашди.

Словакия компаниялари «Ўзбекгидроенерго» акциядорлик жамияти билан ҳамкорлик қилиб, 2022 йилда гидротехника иншоотлари хавфсизлигини таъминлаш, улардан тежамкорлик билан фойдаланиш билан боғлиқ тажриба лойиҳасини Ўзбекистонда жорий этиш ниятида. Бу ҳақда «Дунё» хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Венадаги элчихонаси вакиллари Словакия пойтахти Братиславага ташриф чоғида MicroStep–MIS ва Vodohospodarska vystavba компаниялари вакиллари билан учрашган.
Маълум қилинишича, компанияларнинг асосий фаолияти метеорология ва иқлимшунослик учун замонавий ускуналарни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш ва етказиб бериш, авиация учун метеорологик станциялар, радиация мониторинги тизимларини яратиш, шунингдек, ўрганилаётган ҳудудларда иқлим ўзгаришини моделлаштириш ва прогнозлашдан иборат.
Гидротехника иншоотларини қуриш, уларнинг мустаҳкамлигини прогнозлаш, зилзилалар, сел оқимлари, иқлим ўзгариши ва бошқа табиат ҳодисалари билан боғлиқ таҳдидларни кўриб чиқиш ҳам улар фаолиятининг асосий йўналишларидан биридир.
Иккала компания ҳам Марказий Осиё мамлакатларида катта ҳажмдаги ишларни амалга оширган. Хусусан, Ўзбекистонда MicroStep–MIS компанияси сейсмологик мониторинг учун ускуналар етказиб бериш, автоматик об-ҳаво мониторинги станцияларини ўрнатиш, шунингдек, аеропортда об-ҳавони кузатишнинг автоматлаштирилган тизимини ўрнатишда иштирок этган.
«Музокаралар натижасида компаниялар ҳамкорлик ривожидан тўлиқ мамнун эканлиги, шунингдек, лойиҳа муваффақиятига ишонч билдирди», дейилади хабарда.






