Соғлиқни сақлаш вазирлиги «омикрон» масаласида тадбиркорларга мурожаат қилди
20 нафардан ортиқ эмланувчиси бор ташкилотларга сайёр эмлаш бригадаси жалб этилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тадбиркорлардан ходимларнинг 20 январга қадар коронавирусга қарши эмланишини таъминлашни ҳамда сабабсиз эмланмаганларни ишга қўймаслик чораларини кўришни сўради. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг 2021 йил 17 июлдаги 11-сон қарорида 18 ёшдан катта аҳоли қатламини коронавирус инфекциясига қарши эмлаш белгиланган.
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 113-моддасига кўра, ходим эмланишни рад этса, иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли.
«Сиздан ходимларингизнинг 2022 йил 20 январга қадар коронавирусга қарши эмланишини таъминлашингизни ҳамда сабабсиз эмланмаганларни ишга қўймаслик чораларини кўришингизни сўраймиз», дейилади хабарда.
Маълумот учун, эмлашга қарши тиббий кўрсатмалари бор фуқаролар бундан мустасно. Тиббий чекловлар рўйхати Соғлиқни сақлаш вазирлигининг интернетдаги ресурсларида мавжуд.
20 нафардан ортиқ эмланувчиси бор ташкилотларга эса сайёр эмлаш бригадасини жалб этиш имконияти ҳам яратилган. Эмлаш бепул амалга оширилади.