Sony янги Bravia XR A75K телевизорини тақдим этди
Телевизор савдоси қачон бошланиши ва нархи ҳозирча айтилмаган.

Sony компанияси янги Bravia XR A75K телевизорини тақдим этди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар берди.
Маълум қилинишича, Sony компанияси CES-2022 кўргазмасида тақдим этилган Sony А90К ва Sony А80К моделларининг бюджетли версияси бўлган янги Bravia XR A75K телевизорини эълон қилган. Савдони бошлаш вақти ва янги телевизорнинг нархи ҳозирча айтилмаган.

Қайд этилишича, 55 ва 65 дюймли версияларда тақдим этилган телевизор ўйин приставкалари учун оптималлаштирилган. Шунингдек, 120 гигагерц янгиланиш тезлигига эга 4К тасвирларни ҳамда ўзгарувчан янгиланиш тезлигини (VRR) қўллаб-қувватлайди.
Моделда Sony Cognitive Processor XR когнитив процессор сақланиб қолган. У инсон мияси каби ишлайди ва инсон идрокининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда тасвир ва товушни оптималлаштиради.
Янгилик HDMI 2.1 портлари билан жиҳозланган, Android TV операцион тизимида ишлайди, Chromecast ва Google Assistant овозли ёрдамчисини қўллаб-қувватлайди. Bravia XR A75K ва эски моделлар ўртасидаги асосий фарқ соддалаштирилган динамик тизими ва кенгроқ экран рамкаларидан иборат.
Аввалроқ LG уй бўйлаб ҳаракатланувчи телевизорни намойиш қилгани ҳақида хабар берилганди.






