S&P Россия ва Украинанинг кредит рейтингларини пасайтирди
Ҳар икки мамлакат рейтинглари пасайтириш эҳтимоли билан қайта кўриб чиқилади.

S&P Global Ratings халқаро рейтинг агентлиги Россиянинг хорижий валютадаги узоқ муддатли кредит рейтингини «BBB-»дан «BB+»га пасайтирди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Россия рейтинги спекулятив тоифага ўтказилган. Узоқ муддатли миллий валюта рейтинги «BBB»дан «BBB-»га туширилган. Россиянинг хорижий валютадаги қисқа муддатли рейтинги «A-3»дан «B»га, миллий валютада эса «А-2»дан «А-3»га туширилган.
Бундан ташқари, S&P Россия рейтингларини салбий прогноз билан қайта кўриб чиқишга жойлаштирди.
Украинанинг хорижий ва миллий валютадаги узоқ муддатли кредит рейтинглари «В»дан «В-»га туширилди. S&P Украинанинг қисқа муддатли рейтингини «В» даражасида тасдиқлади ва узоқ муддатли миллий шкала рейтингини «uaA»дан «uaВВВ-»га туширди.
Таъкидланишича, Украинанинг рейтинглари ҳам пасайтириш эҳтимоли билан қайта кўриб чиқилади.
Аввалроқ Rolls-Royce Россия титанини сотиб олишдан бош тортгани хабар қилинганди. Шунингдек, Россия Марказий банки санкциялар остида қолган банкларни қўллаб-қувватлаш учун қандай чоралар кўриши ҳақида хабар берилди.






