«Ташаббусли бюджет»да 5,6 млрд сўмлик қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди
Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилган маблағлар мақсадли фойдаланилиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирлари натижасида 257 та лойиҳа бўйича 5,6 миллиард сўмлик қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган. Қонун бузилишига йўл қўйган 255 нафар шахс интизомий, 15 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 5 та жиноят иши қўзғатилган

Олий мажлис сенатида 25 ноябрь куни Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда «Ташаббусли бюджет» жараёнларида ғолиб деб топилган лойиҳалар ўз вақтида амалга оширилиши ҳолатини ўрганиш натижалари юзасидан масъул вазирлик ҳамда ҳудудий раҳбарларнинг ахборотлари эшитилди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.
Мажлисда ташаббусли бюджет жараёнларини амалга оширишда айрим муаммолар ва камчиликларга йўл қўйилганлигига тўхталиб ўтилди.
Хусусан, ҳудудларда Бюджет кодекси талабларига тўлиқ амал қилинмай, жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга туман (шаҳар) бюджетлари қўшимча манбаларининг камида 30 фоизини йўналтиришда сусткашликка йўл қўйилган.
Шунингдек, «Ташаббусли бюджет» жараёнларининг иккинчи мавсуми доирасида республика бўйлаб 162 та маҳаллада яшовчи фуқаролардан лойиҳалар таклиф этилмаган. Жумладан, Самарқанд шаҳрида 95 та маҳалла, Андижон ва Тошкент вилоятларида 22 тадан маҳалла, Қорақалпоғистонда 18 та ҳамда Сирдарё вилоятида 5 та маҳалла «Ташаббусли бюджет» жараёнида иштирок этмаган.
Маълум қилинишича, Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилган маблағлар мақсадли фойдаланилиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирлари натижасида 257 та лойиҳа бўйича 5,6 миллиард сўмлик қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган. Натижада Бош прокуратура томонидан «Ташаббусли бюджет» жараёнида қонун бузилишига йўл қўйган 255 нафар шахс интизомий, 15 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 5 та жиноят иши қўзғатилган.






