Tesla Хитойда рекорд даражада сотувларни амалга оширди
Tesla’нинг сотувлари сентябрда август ойига нисбатан 8 фоизга юқори бўлди

Tesla компаниясининг Хитойдаги сотуви сентябрь ойида 83 мингтага етди. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.
Америкалик миллиардер Илон Маскга тегишли Tesla компанияси сентябрь ойида Шанхайдаги заводида ишлаб чиқарилган 83 135 та электромобилларни харидорларга етказиб берди.
Хитой йўловчи автомобилларини ишлаб чиқарувчилар уюшмаси (CПCА) маълумотларига кўра, бу Хитойдаги Америка компанияси учун янги савдо рекорди ҳисобланади.
Хитойда Tesla электромобилларини сотиш бўйича аввалги рекорд 2022 йилнинг июнь ойида ўрнатилганди. Шундан кейин компания деярли 79 мингта автомобиль сотишга муваффақ бўлди. Сентябрдаги сотувлар август ойига нисбатан 8 фоизга, 2021 йилга нисбатан эса 48,4 фоизга юқори бўлди.
Ўтган ҳафтада Tesla учинчи чоракда ишлаб чиқариш ва глобал жўнатмалар сезиларли даражада ошгани ҳақида хабар берди. Хусусан, компания умумий ҳисобдаб 343,8 мингта электромобиль сотишга муваффақ бўлди ва бу унинг учун янги рекорд бўлди.
Аввалроқ Илон Маск Украина учун тинчлик режасини таклиф қилганидан кейин Tesla акциялари кескин тушиб кетгани ҳақида хабар қилинганди. Шунингдек, миллиардер Тайван атрофидаги вазият тинч йўл билан ҳал қилинмаса, жаҳон иқтисодиёти катта миқдорда зарар кўриши мумкинлиги ҳақида айтганди.





