Тошкентда ИҲТга аъзо давлатлар ТИВ раҳбарлари қўшма коммюнике имзолади
Тошкентда 24 январь куни Ўзбекистон раислигида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 26-йиғилиши бўлиб ўтди. Учрашуви доирасида савдо-иқтисодий алоқаларни янада жадаллаштириш, транзит-транспорт имкониятларини кенгайтириш, иқтисодий ўсишнинг янги нуқталарини топиш юзасидан фикр алмашилди

Тошкентда 24 январь куни Ўзбекистон раислигида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 26-йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, тадбирда Озарбайжон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркия, Туркманистон, Ўзбекистон ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари, ИҲТ бош котиби Хусрав Нозирий, шунингдек, ташкилотнинг ихтисослаштирилган агентликлари, минтақавий институтлари ва аффилланган органлари вакиллари иштирок этди.
Йиғилиш очилишида Ташқи ишлар вазири в.б. Бахтиёр Саидов 2022 йили ИҲТ бўйича ҳамкорлар билан биргаликда Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусларини ҳаётга татбиқ этиш доирасида ва Ўзбекистон раислиги концепциясига мувофиқ муҳим тизимли ишлар амалга оширилганини таъкидлади.

Таъкидланишича, 2022 йил Ўзбекистон раҳбарининг ташаббуси билан «ИҲТда ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилиниши ташкилот доирасидаги ҳамкорликка янгича суръат бахш этган. Ташқи ишлар вазирлари кенгаши атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича юқори даражадаги мулоқот платформаси яратилишини маъқуллади. Тузилма фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишнинг янги механизми ишга туширилди. ИҲТ самарадорлигини оширишга қаратилган Юқори даражадаги қўмита ташкил этилди.
Раислик жараёнида турли йўналишларда қатор муҳим тадбирлар, жумладан, ИҲТни ислоҳ қилиш жараёнини муҳокама қилиш юзасидан «ақлий ҳужум», қайта тикланувчи энергетика, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқалар бўйича учрашув ва йиғилишлар ўтказилди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Тошкент декларацияси ва Туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Самарқанд декларацияси қабул қилинди. Кўҳна Шаҳрисабз шаҳри 2024 йилда ИҲТнинг сайёҳлик пойтахти этиб белгиланди.

Шунингдек, вазир Ўзбекистон томонининг анъанавий ва янги йўналишларда давлатлараро ва минтақалараро мулоқотни жадал ривожлантиришга тайёрлигини тасдиқлади.
ИҲТ бош котиби Хусрав Нозирийнинг таъкидлашича, ташкилот Ўзбекистоннинг 2022 йилда ИҲТни янада ривожлантириш, минтақада ўзаро тараққиёт ва фаровонлик кун тартибини таъминлашга қаратилган раислигини юксак қадрлайди. ИҲТ фаолиятида республиканинг ўрни ортиб бораётгани, бу Ташкилотнинг ўсиши ва ривожланишига ижобий ҳисса қўшаётгани қайд этилди.
Ўзбекистон Президентининг минтақавий интеграцияни таъминлаш учун ҳамкорликни кенгайтириш орқали муштарак тараққиёт кун тартибини бойитиш бўйича ташаббусларини амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди. Ўзбекистоннинг барча таклифлари жуда долзарб бўлгани сабабли, барча аъзо давлатлар томонидан қўллаб-қувватлангани эътироф этилди.
Тошкент учрашуви доирасида савдо-иқтисодий алоқаларни янада жадаллаштириш, транзит-транспорт имкониятларини кенгайтириш, иқтисодий ўсишнинг янги нуқталарини топиш, минтақавий туризмни фаоллаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Энергетика, ижтимоий фаровонлик ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида кооперацияни ҳар томонлама илгари суриш муҳимлиги қайд этилди.
Давр талабидан келиб чиққан ҳолда, ташкилот фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон томонига ИТҲда фаол ва самарали раислик ҳамда Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишини ташкилий ва мазмуний жиҳатдан юқори даражасида ўтказгани учун миннатдорлик билдирди.
Мазкур тадбир билан ИҲТда Ўзбекистон раислиги якунланди. Ташкилотга раислик Озарбайжонга ўтди. Шу билан бирга учрашув якунлари бўйича Тошкент коммюникеси қабул қилинди.






