Тошкентдан Бухорога қўшимча «Афросиёб» қатнови йўлга қўйилади
Поезд қатновлари 10 декабрдан бошлаб ҳафтанинг жума кунлари амалга оширилади.

Тошкентдан Бухорога «Афросиёб» поездларининг қатновида қўшимча рейслар амалга оширилади. Бу ҳақда «Ўзтемирйўлйўловчи» матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, «Ўзбекистон темир йўллари» корхонаси томонидан 2021 йил 10 декабрдан бошлаб ҳафтанинг жума кунлари «Тошкент–Бухоро–Тошкент» йўналишида 770/769-сонли «Афросиёб» замонавий поездларининг қатнови йўлга қўйилади. Мазкур замонавий поезд ўтган бир ой мобайнида фақат ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари қатновини амалга ошириб келган.
Қайд этилишича, 10 декабрдан бошлаб ҳафтанинг жума, шанба ва якшанба кунлари эрталаб соат 09:02 да Тошкент марказий темир йўл вокзалидан ҳаракатини амалга оширадиган 770-сонли «Афросиёб» замонавий поезди Самарқанд, Навоий темир йўл вокзалларида ҳам тўхтаб ўтиб, соат 12:47 да Бухоро 1 темир йўл вокзалига етиб боради.
Шунингдек, 769-сонли «Афросиёб» замонавий поезди ушбу кунларда соат 15:02 да Бухоро 1 темир йўл вокзалидан ҳаракатини амалга ошириб, соат 18:50 да Тошкент марказий темир йўл вокзалига кириб келади. Бугунги кунда қатновини амалга ошираётган «Афросиёб» замонавий поездлари эса ўз ҳаракат жадвали бўйича ҳаракатланади.
Аввалроқ Тошкентдан Андижонга қўшимча поезд қатнови йўлга қўйилиши хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда поездлар ҳаракатини онлайн кузатиш мумкин бўлиши ҳақида хабар берилди.






