Украина IT компаниялари мамлакатни қўллаб-қувватлаш учун 24,5 млн доллар хайрия қилди
Компаниялар кўплаб кўнгиллилар ташаббусларини қўллаб-қувватламоқда.
Украина IT компаниялари Украинани қўллаб-қувватлаш учун 24,5 миллион доллар хайрия қилди. Бу ҳақда мамлакат Рақамли трансформация вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Украина IT ассоциациясининг ҳисоб-китобларига кўра, Украинадаги урушнинг дастлабки 10 кунида Украина IT компаниялари 12,1 миллион доллар гуманитар мақсадлар учун ва Қуролли Кучларни қўллаб-қувватлаш учун 6,1 миллион доллар йиғган. Шунингдек, 6,3 миллион доллар миқдоридаги солиқларни олдиндан тўлаган.
IT компаниялари хорижда маблағ тўплаш, терроризмга қарши мудофаа бўлинмалари дори-дармон, хавфсизлик ва компьютер ускуналари билан таъминлаш, уй-жой, ҳарбий ёрдам ва бошқалар учун онлайн платформалар яратиш орқали кўнгиллилар ташаббусларини қўллаб-қувватламоқда.
Аввалроқ Apple Украина жамғармаларига хайрияни икки баравар ошириши хабар қилинганди. Шунингдек, Украинада Илон Маскнинг Starlink сунъий йўлдош интернети ишга туширилгани ҳақида хабар берилди.