
Урганч аэропорти вақтинча ёпилди. Истанбулдан учган самолёт Тошкентга фавқулодда қўнди
Авиакомпания йўловчиларни меҳмонхонага жойлаштиришга қарор қилди.

Об-ҳаво шароити, аниқроғи қор ёғишининг кучайгани сабабли Урганч халқаро аэропорти 19 январь куни эрталаб соат 5:00 гача ёпилди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 18 январь куни ноқулай об-ҳаво шароити (қор ёғиши) туфайли Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Истанбул-Урганч йўналиши бўйича HY-280 рейси бўйича самолёти Тошкентдаги муқобил аэродромга фавқулодда қўнган.
«Самолёт бортида 98 нафар йўловчи билан соат 19:29 да пойтахт аэропортига қўнди. Авиакомпания барча йўловчиларни 19 январь эрталабгача меҳмонхонага жойлаштиришга қарор қилди. Дастлабки маълумотларга кўра, самолёт HY-051 рейси билан соат 07:15 да Тошкентдан Урганчга учади», дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, Урганч аэропорти ҳозирда ёпиқ. Қор ёғиши кўпайганлиги сабабли учиш-қўниш йўлагининг ишқаланиш коэффиценти 0,3 фоизни ташкил этмоқда, бу эса самолётларнинг учиши ва қўнишига имкон бермайди.
Об-ҳаво маълумотларига кўра, тун бўйи қор ёғади. Шу муносабат билан яна иккита рейс кечиктирилиши кутилмоқда. Қозон-Урганч йўналиши бўйича «Урал ҳаво йўллари» авиакомпаниясининг самолёти белгиланган аэропортга соат 21:45 да қўниши керак эди, бироқ мезбон томоннинг об-ҳаво шароити туфайли ҳалигача Қозондан учиб кетмади.
Red Wings авиакомпаниясининг Москва-Урганч рейси билан ҳам вазият худди шундай. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳар иккала рейс ҳам 19 январь эрталабгача қолдирилади.
Аввалроқ Uzbekistan Airways Ўзбекистондан БААга киришда янги қоидалар ўрнатилганини маълум қилганди.
Бизнесга оид янгиликлар телеграм каналимизда @kommersuz





