USAID Ўзбекистонга коронавирусга қарши кураш учун 2,5 млн доллар ажратди
АҚШ ҳукуматининг тўғридан-тўғри қўшган умумий ҳиссаси 16 миллион доллардан ошди

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистонга коронавирусга қарши кураш учун қўшимча 2,5 миллион доллар ажратди. Бу ҳақда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасига таяниб «Газета.uz» хабар берди.
Маълум қилинишича, шу билан COVID-19’га қарши курашдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга АҚШ ҳукуматининг тўғридан-тўғри қўшган умумий ҳиссаси 16 миллион доллардан ошган.
USAID ушбу қўшимча маблағни дори воситалари сифатини таъминлаш ва мамлакатда вакцинага нисбатан ишончсизликни бартараф этиш учун юқори даражадаги техник ёрдам кўрсатиш учун сарфлайди.
«Ўзбекистонда тўлиқ эмланганлар сони аста-секин ўсиб бормоқда. Аммо пандемия ҳали тугамади — вирус бутун мамлакат бўйлаб тарқалишда давом этмоқда ва янги вариантлар глобал миқёсда доимий хавф туғдирмоқда. Пандемияга барҳам бериш барчанинг хавфсизлигини таъминлаш, ҳаётларни сақлаб қолиш ва глобал иқтисодиётни тиклаш учун жуда муҳим», — деди USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит.
Пандемия бошланганидан бери USAID Ўзбекистон ҳукумати билан бир қатор йўналишларда кенг кўламли ҳамкорлик қилиб келди. Бунга тест синовлари ўтказиш учун миллий лаборатория тизимларини мустаҳкамлаш; лаборатория ва соғлиқни сақлаш муассасаларида инфектсиянинг олдини олиш ва назорат қилиш; диагностика салоҳиятини кучайтириш, COVID-19 кузатувини ва тезкор жавобни ошириш; касаллик юқтирганларни даволашни такомиллаштириш; шунингдек, аҳолининг COVID-19 ҳақида хабардорлигини ошириш, жамоатчиликни жалб қилиш ва кўнгиллиларни сафарбар қилиш кабилар мисол бўлади.
Аввалроқ Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига 19,5 миллион евро ажратиши ҳақида хабар берилганди.






