Uzbekistan Airways Намангандан Россиянинг 8 та шаҳрига парвозларни йўлга қўяди
Компания «Шарқий» хаб лойиҳасининг учинчи босқичида Фарғона шаҳридан қатновларни кўпайтиришга ўтади.

Uzbekistan Airways «Шарқий» хаб лойиҳаси доирасида Намангандан Россиянинг 8 та шаҳрига парвозларни йўлга қўяди. Бу ҳақда авиакомпания матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Uzbekistan Airways томонидан Фарғона водийсидан талаб юқори бўлган йўналишлар бўйича парвоз қилиш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида «Шарқий» хаб лойиҳаси ташкил этилган.
Лойиҳага кўра, авиакомпания минтақадан Россия ва Фарғона водийси аҳолиси орасида машҳур бўлган узоқ хориж шаҳарларига йўналиш тармоғини кенгайтириш учун Наманган ва Фарғона шаҳарларининг халқаро аэропортларидан фойдаланади.
Қайд этилишича, 2022 йилнинг 31 январидан бошлаб авиакомпания Uzbekistan Airways Express ҳаво кемаларида Full Economy (тўлиқ иқтисодий синф) тамойили асосида Намангандан Москва, Перм, Самара, Омск, Оренбург, Иркутск, Краснодар ва Екатеринбургга тўғридан-тўғри мунтазам авиақатновларни амалга оширишни бошлайди. Талаб ошгани сайин, Намангандан йўналиш тармоғини кенгайтириш ҳам кўриб чиқилади.
Таъкидланишича, Фарғона шаҳар халқаро аэропортидан Москва, Қозон ва Истанбулга авиақатновлар амалга оширилмоқда ва бу «Шарқий» хаб ташкил этилишининг биринчи босқичи бўлиб хизмат қилган. «Шарқий» хабни ривожлантиришнинг иккинчи босқичи якунлангач Намангандан парвозларни амалга ошириш бошланади.
Шундан сўнг, Uzbekistan Airways учинчи босқичга — Фарғона шаҳридан парвозлар сонини кўпайтириш, шунингдек Фарғона халқаро аэропортидан йўналиш тармоғини кенгайтиришга ўтади. Шу билан бирга, Фарғонадан парвозлар фақат классик (бизнес ва иқтисодий синфлар) авиақатновлар асосида ташкил этилади.
Аввалроқ Uzbekistan Airways Тошкентдан бир қатор шаҳарларга қўшимча қатновлар амалга ошириши хабар қилинганди. Шунингдек, Uzbekistan Airways Янги йил муносабати билан чегирмалар эълон қилгани ҳақида хабар берилди.






