Uzbekistan Airways Россияга бораётган фуқароларга мурожаат билан чиқди
Роспотребнадзор «омикрон» штамми туфайли ПЗР-тестларининг амал қилиш муддатини қисқартирган.

Uzbekistan Airways Россияга боришни режалаштирган йўловчиларга мурожаат билан чиқди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Россия истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлигини назорат қилиш федерал хизмати (Роспотребнадзор) «омикрон» штаммининг ўзига хос хусусиятлари туфайли ПЗР-тестларининг амал қилиш муддатини қисқартиришга қарор қилган.
«COVID-19’га ПЗР усулида олинган лаборатория текшируви манфий натижасининг амал қилиш муддати лаборатория натижалари олинган вақтдан бошлаб 48 соатни ташкил этади», дейилади Роспотребнадзор ҳужжатида.
Шу муносабат билан, 8 декабрдан бошлаб, бундай сертификатлар фақат 48 соат (тест олинган вақтдан бошлаб) амал қилади. Шунингдек, илгари тестларнинг амал қилиш муддати 72 соатни ташкил этган.
Хабарга кўра, ушбу ўзгариш Россияга бораётган чет элликлар ва Россияга саёҳат қилишни режалаштираётган сайёҳлар учун ҳам тааллуқлидир.
Маълумот ўрнида, Россияга боришни режалаштираётган йўловчилар «Puteshestvuyu bez COVID-19» иловасидан рўйхатдан ўтишлари талаб этилади.
Аввалроқ Самарқанд халқаро аэропорти қачон очилиши маълум бўлгани хабар қилинганди. Шунингдек, Uzbekistan Airways Ригага авиақатновлар сонини ошириши ҳақида хабар берилди.






