Uzbekistan Airways талабалар учун чегирмаларни узайтирди
Авиакомпания 20–23 январь кунлари қўшимча рейсларни амалга оширади.

Uzbekistan Airways АЖ 2022 йил 23 январга қадар талабалар учун республика бўйлаб амалга ошириладиган ички рейсларга 50 фоиз чегирма муддатини узайтирди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 2021/2022 ўқув йилининг иккинчи ярмини тўлиқ ва пухта тайёргарлик кўрган ҳолда бошлаш мақсадида олий ва профессионал таълим муассасалари, академик лицей талаба-ўқувчилари учун қишки таътил муддати 2022 йил 24 январга қадар узайтирилгани боис Uzbekistan Airways АЖ 23 январга қадар талабалар учун республика бўйлаб амалга ошириладиган ички рейсларга 50 фоиз чегирма муддатини узайтирган.
Маълум қилинишича, 2022 йил 10 январга қадар харид қилинган авиачипталар 23 январгача режалаштирилган рейсларга бепул қайта бронь қилинади.
Шунингдек, авиакомпания жорий йилнинг 20–23 январь кунлари қўшимча рейсларни амалга оширади.
Аввалроқ Uzbekistan Airways талабалар учун 2021 йил 28 декабрдан 2022 йил 10 январгача 50 фоиз чегирма эълон қилгани хабар қилинганди. Шунингдек, компания Қозоғистон шаҳарларига парвозларни тўхтатгани ҳақида хабар берилганди.






