Японияда гаджетларни ҳаво орқали қувватлантириш мумкин бўлади
Технологияни тижоратда қўллашни бошлаш 2025 йилга мўлжалланган
Япониянинг SoftBank мобил оператори уяли алоқа нуқталаридан электр энергиясини симсиз узатиш технологиясини синовдан ўтказмоқчи. Бу ҳақда Nikkei Asia ўз маълумотларига таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу технология қулоқчин ва ақлли соатлар каби тақиладиган қурилмаларни оддийгина таянч станция ёнида юриш орқали қувватлантириш имконини беради. SoftBank ускунани 5G таянч станцияларида жойлаштиришни режалаштирмоқда. Масофавий зарядлаш дастлаб бино ичида синовдан ўтказилади. Компания 2024 йилдан бошлаб уни ташқи станцияларгача кенгайтиришга умид қилмоқда.
SoftBank 4G таянч станцияларини 5G’га янгилаш жараёнларини амалга оширмоқда. Компания технология танага салбий таъсир кўрсатишининг олдини олиш учун қувват тахминан 1 мВт, масофа эса 10 метр билан чекланишини режалаштирган.
Кейинчалик диапазон тахминан 100 метргача кенгайтирилади. Ушбу технологиядан тақиладиган қурилмаларни заряд қилишдан ташқари, ўғирликка қарши калитларни кузатиш ва имплантлар билан ишлашда фойдаланиш мумкин.
Таъкидланишича, Япония қонун-қоидалари бундай технологиялардан фойдаланишни чеклайди. Бироқ мамлакат Ички ишлар ва коммуникациялар вазирлиги симсиз зарядлаш учун бир нечта частота диапазонларини ажратиш тўғрисида қарор қабул қилишни режалаштирмоқда. Технологияни тижоратда қўллашни бошлаш 2025 йилга мўлжалланган.
Аввалроқ Google Чикаго товар биржасига 1 миллиард доллар сармоя киритгани ҳақида хабар берилганди.