Жаҳонгир Ортиқхўжаев 3 та туман ҳокимларини жазолади
Жазо чораси Меҳнат кодексига мувофиқ қўлланилган.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича рейтинг баҳолаш якунларига кўра, бир қатор туман ҳокимларини жазолаш ва мукофотлаш тўғрисида қарор имзолади.
Қайд этилишича, шаҳарда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш натижаларига мувофиқ, «яхши» баҳоланган Миробод тумани (Шуҳрат Пулатов), Бектемир тумани (Тапил Махамадзияев) ва Янгиҳаёт тумани (Ҳаёт Иногамов) ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда сектор раҳбарлари маошига 30 фоиз устамалар тегишли маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манба маблағлари ҳисобидан белгиланган.
Шунингдек, шаҳарда «қониқарсиз» баҳоланган Шайхонтоҳур тумани (Абдуқаҳҳор Тўхтаев), Учтепа тумани (Фарҳод Абдуллаев) ва Сергели тумани (Элбек Шукуров) ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда сектор раҳбарларига нисбатан Меҳнат кодексининг 181-моддаси 2-бандига мувофиқ ойлик иш ҳақидан 30 фоиз жарима жазоси қўлланилган.
Маълумот учун, жараён «Ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари»га бағишланган кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш юзасидан берилган топшириққа мувофиқ амалга оширилган.
Кўзланган мақсад — ҳудудларда қилинаётган меҳнат муносабатларини муносиб тақдирлаш, юқори самарадорлик кўрсаткичларига эга бўлган раҳбарларни моддий рағбатлантириш. Жараён Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги хатига мувофиқ амалга оширилган.
Аввалроқ Жаҳонгир Ортиқхўжаевга алоқадор компанияга бир неча миллиардлик лойиҳалар тендерсиз берилгани айтилаётганди.






