Instagram’га янги функция қўшилди
Янги функция блоггерларга кўпроқ обуначиларни жалб қилишда ёрдам бериши мумкин.
Instagram ижтимоий тармоғи иловага обуначиларни фойдаланувчининг бўлажак жонли эфирлари ҳақида хабардор қилувчи баннерни қўшди. Бу ҳақда Instagram раҳбари Адам Моссери ўз саҳифасида хабар берди.
Моссерининг қайд этишича, фойдаланувчилар баннерга хоҳлаганча жонли эфир қўшиши мумкин. Агар фойдаланувчи бир нечта жонли тадбирларни режалаштирган бўлса, улар баннерни босганда рўйхат сифатида кўрсатилади. Шунингдек, аввалроқ фойдаланувчилар постлар ва ҳикоялар орқали бўлажак эшиттиришлар ҳақида хабар берган.
Белги нафақат фойдаланувчи обуначиларига, балки унинг профилига кирган ҳар бир кишига кўринади. Стримлар учун янги баннер блоггерларга иловада кўпроқ фойдаланувчиларни жалб қилишда ёрдам бериши мумкин.
Январь ойида Instagram АҚШда пулли обуналарни синовдан ўтказа бошлаганди. Айрим блоггерлар энди обуначиларга эксклюзив стримлар ва ҳикоялардан пулли фойдаланишни таклиф қилиши мумкин. Пулли абонентлар «бепул» фойдаланувчилардан фарқлаш учун махсус нишон билан белгиланади.
Аввалроқ Facebook ва Instagram платформаларга NFT яратиш ва сотиш функцияси қўшилиши мумкинлиги хабар қилинганди. Шунингдек, Instagram раҳбари платформанинг 2022 йилги режалари ҳақида гапиргани ҳақида хабар берилди.