Facebook ва Instagram’дан «криптоқадам». Платформаларга NFT яратиш ва сотиш функцияси қўшилиши мумкин
Meta раҳбари Марк Цукерберг NFT’дан виртуал оламдаги рақамли товарлар бозорида фойдаланиш мумкин бўлишини айтган эди.

Meta компанияси фойдаланувчиларга NFT яратиш ва сотиш имконини берувчи хизматни ишга тушириш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Financial Times ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда.
Манбаларнинг сўзларига кўра, Facebook ва Instagram жамоалари фойдаланувчиларга ўз NFT’ларини профилларда кўрсатиш имконини берувчи функцияни жорий этиш устида ишламоқда. Шунингдек, платформалар коллекция токенларини яратиш хизматини ишлаб чиқмоқда.
«Бундан ташқари, Meta фойдаланувчилар NFT сотиб олиши ва сотиши мумкин бўлган бозорни ишга туширишни муҳокама қилмоқда», — дея хабар берди нашрнинг иккита манбаси.
Financial Times’нинг қайд этишича, лойиҳа устидаги ишлар дастлабки босқичда ва компания режалари ўзгариши мумкин. Instagram ҳам NFT демо хусусиятини ички синовдан ўтказмоқда.
Аввалроқ Meta раҳбари Марк Цукерберг NFT’дан виртуал оламдаги рақамли товарлар бозорида фойдаланиш мумкин бўлишини айтган эди. Декабрь ойида Instagram бош директори Адам Моссери тафсилотларни бермасдан, ижтимоий тармоқ «NFT’ларни фаол равишда ўрганаётганини» айтди.
Маълумот учун, Coinbase криптовалюта биржаси ўзининг NFT бозорини ишга туширишни режалаштирмоқда, Twitter NFT’ни профилда кўрсатиш қобилиятини синовдан ўтказмоқда ва Reddit ўзининг NFT аватарлари тўпламини ишга туширди.






