Ўзбекистон товар-хом ашё биржасида шакар ва суюлтирилган газ нархи пасайди
Биржада 25–29 октябрь кунлари 1 триллион 886 миллиард сўмлик товарлар сотилган
«Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси»нинг барча савдо платформаларида 25–29 октябрь кунлари 1 триллион 886 миллиард сўмлик товарлар сотилган бўлиб, бу аввалги ҳафтага нисбатан 5,8 фоизга пастдир. Бу ҳақда «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, кўрсатилган даврда сотувларнинг 86,1 фоизи — биржа савдолари; 0,1 фоизи — кўргазма-ярмарка савдолари; 13,3 фоизи — электрон давлат харидлари ва 0,5 фоизи — авторақамларнинг онлайн-аукционига тўғри келган.
Қайд этилишича, биржанинг шакар бозорида ҳам нархлар пасайиши қайд этилган. Ҳафта давомида биржа савдоларига 14 924 тонна шакар қўйилган ва улардан 11 394 тоннаси, яъни 76,3 фоиз қисми сотилган. Кўриб чиқилаётган даврда шакарнинг барча категорияси бўйича шаклланган кунлик ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 8 минг 274,5 сўмдан 8 минг 61,5 сўмгача, яъни 2,6 фоизга пасайган. Ўтказилган биржа савдолари натижасида маҳаллий шакарнинг 3 категорияси бўйича шаклланган ўртача ҳафталик нархи маҳсулотни бир тоннаси учун 8 минг 111,2 сўмни ташкил этган.
Шунингдек, биржа савдоларига 4001 тонна суюлтирилган газ қўйилган ва ундан 3717 тоннаси, яъни 93 фоиз ҳажми сотилган. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 136 харидор иштирок этган. Кўриб чиқилаётган даврда суюлтирилган газнинг ўртача кунлик нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 4 минг 470,1 сўмдан 3740 сўмга, яъни 16,3 фоизга пасайган. Кўриб чиқилаётган даврда суюлтирилган газнинг ўртача ҳафталик котировкаси 3 минг 991,6 сўмни ташкил этган.
Хабарга кўра, биржа савдоларига 6267 тонна пахта ёғи қўйилган ва улардан 2350 тоннаси, яъни 37,5 фоиз қисми сотилган. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 61 харидор иштирок этган. Кўриб чиқилаётган даврда барча навли пахта ёғининг кунлик ўртача нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 16 минг 678,7 сўмдан 14 минг 914,4 сўмгача, яъни 10,6 фоизга пасайган. Кўриб чиқилаётган даврда 1-навли пахта ёғининг ўртача ҳафталик котировкаси 17 минг 684,2 сўмни ташкил этган.
Аввалроқ Ўзбекистонда инфляция октябрь ойида йиллик 10,6 фоизни ташкил қилгани маълум бўлди. Шунингдек, «Ўзбекнефтгаз» барча харидлар электрон шаклга ўтказилиши ҳақида хабар берилди.