Ўзбекистонда инфляция октябрь ойида йиллик 10,6 фоизни ташкил қилди
Нархлар ва тарифлар ошиши бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари етакчилик қилган

Ўзбекистонда инфляция октябрь ойида йиллик нисбатда 10,6 фоизни ташкил қилди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2021 йилнинг октябрь ойида истеъмол бозоридаги товарлар ва хизматларнинг инфляцияси 1,3 фоизни ташкил этган. Йил бошидан истеъмол секторида нархларнинг ўсиш даражаси 7,3 фоиз, йиллик нисбатда эса 10,6 фоизга етган. Ҳисоб-китобларга кўра, 2021 йил январь-октябрь ойларида умумий инфляция ўртача ойлик ўсиш даражаси 0,7 фоиз даражасида шаклланган.
Маълумотларга кўра, 2021 йилнинг октябрь ойида нархлар ва тарифлар ошиши бўйича етакчилик озиқ-овқат маҳсулотларига тегишли бўлиб, ой давомида уларнинг нархлари ўртача 1,9 фоизга ошган. Ушбу даврда ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархлари 1,1 фоизга, аҳолига пуллик хизматлар нархлари 0,5 фоизга кўтарилган.
Таққослаш учун, 2020 ва 2019 йилларнинг октябрь ойларида 3 та асосий гуруҳлар орасида нархлар ошиши бўйича етакчилик ҳам озиқ-овқат маҳсулотларига (ўсиш суръати мос равишда 2,3 фоиз ва 2,8 фоиз) тегишли бўлган.
Аввалроқ тижорат банкларида активлар сифатини таснифлаш бўйича қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилганди.






