Тадқиқот: Аёлларнинг бошқаруви компанияларга хилма-хиллик олиб келади
Altrata’нинг Глобал гендер хилма-хиллик тадқиқотида 20 давлатдаги 1677 давлат компанияcи қатнашган.
Компанияларда аёлларнинг бош директорлик ёки бошқа бошқарув лавозимларни эгаллаши ташкилотга хилма-хиллик олиб келади. Бу ҳақда ўтказган тадқиқот ишларига таяниб Altrata хабар бермоқда.
Altrata’нинг Глобал гендер хилма-хиллик тадқиқотида 20 давлатдаги 1677 давлат компанияcи иштирок этган. Ҳисоботга кўра, ушбу ташкилотлардаги бошқарув кенгаши аъзоларининг қарийб 28,2 фоизи аёллар.
Бироқ, уларнинг кўпчилиги бошқарувга доир бўлмаган вазифаларни (non-executive roles) эгаллайди. Уларга кўпинча ҳақиқий қарор қабул қилиш ваколати эмас, балки кенгаш устидан назорат олиб бориш каби расмий вазифалар юклатилади.
Ижрочи директорларнинг қарийб 9,9 фоизи ва кенгаш раисларининг 8,9 фоизини аёллар ташкил қилади. Тадқиқот ҳисоботида айтилишича, раҳбар бўлмаган лавозимларнинг учдан бир қисмини аёллар банд қилади.
Компаниялар юқори бошқарувидаги вазият бундан ҳам ёмонроқ. Бош директорларнинг атиги 5 фоизи аёллар бўлиб, бошқарув кенгаши аъзолари орасида эса бу кўрсаткич 19,2 фоизни ташкил қилади.
Ўрганилган компанияларнинг ҳеч бирида бутунлай аёллардан иборат директорлар кенгаши мавжуд эмас. Ўз навбатида, 2022 йил июнь ҳолатига кўра, 81 компания кенгаши фақат эркаклардан ташкил топган.
Ҳисоботга кўра, юқори раҳбарликда аёлларнинг ишлаши (C-suite) аёл бош директорлар сонини оширишнинг калитига айланмоқда. Бош директорлар кўпинча юқори бошқарувдан олинади ва бу лавозимларда аёлларнинг мавжудлиги компаниянинг уларни қўллаб-қувватлаши ва ўқитиш қобилиятини акс эттиради.
«Агар аёллар энг юқори лавозимлар учун рақобат қилишда корпоратив тажрибага эга бўлмаса, бу корпоратив ҳокимиятнинг энг юқори даражадаги гендер тенглик сари тараққиётни секинлаштириши мумкин», — деган Глобал гендер хилма-хиллиги 2022 ҳисоботи муаллифлари.
Баъзи компаниялар хилма-хилликни ошириш учун алоҳида квоталарни жорий этиш тарафдори. Сўровда қатнашган 20 давлатнинг ўн биттасида директорлар кенгашларида аёлларнинг вакиллиги учун алоҳида мажбурий ёки ихтиёрий ўринлар мавжуд. Натижада бу мамлакатлардаги корпоратив кенгашларнинг 32 фоизини аёллар ташкил этади.
Таққослаш учун, бундай талабга эга бўлмаган тўққизта давлат, жумладан, АҚШда бу кўрсаткич ўртача 24 фоиз.
Altrata’нинг маълум қилишича, қонунчилик талаблари орқали аёлларнинг вакиллиги даражаси янада ошиши мумкин. Мисол учун, Испания давлат компаниялари директорларининг 40 фоизини аёллар ташкил этиши кераклиги ҳақидаги мақсадига ҳали эришмаган. Мамлакатда ҳозиргача директорларнинг учдан бир қисмидан сал кўпроғини аёллар ташкил қилади.
Бундай талаблар жорий этишга қарши аргументлардан бири — ўша аёлларнинг компания директорлар кенгашига қайта-қайта сайланишидан қўрқиш эди, бироқ тадқиқот бу ташвишнинг бўрттирилганлигини кўрсатди.
«Аёллар эркакларга қараганда кўпроқ бошқарувга мойил бўлиши ҳақидаги қўрқув жуда бўрттирилган», — дейилади ҳисоботда.