Google гендер дискриминацияси бўйича ишни ҳал қилиш учун ходимларга 118 млн доллар тўлайди
Гендер можароси Google’да биринчи марта 2017 йилда пайдо бўлганди.
Google 15 500 га яқин аёллар иштирокидаги гендер камситишлари бўйича жамоавий даъвони ҳал қилиш учун 118 миллион доллар тўламоқчи. Бу ҳақда Bloomberg хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, ходимлар компанияни эркак ҳамкасбларига қараганда кам маош тўлашда ва мартаба зинапоясида юқорига кўтарилишига тўсқинлик қилувчи шиша шифтларни яратишда айблаган.
Келишувнинг якуний шартлари ҳали 21 июнга белгиланган суд мажлисида судья томонидан тасдиқланиши керак.
Ҳозирча компания жабрланувчига товон тўлашни таклиф қилмоқда, жамоавий даъво 15,5 мингга яқин аёлларни қамраб олади.
Гендер можароси Google’да биринчи марта 2017 йилда пайдо бўлганди, ўшанда уч аёл ходим компанияни аёл ходимларга кам маош тўлаётганликда айблаб, шикоят қилганди.
Қайд этилишича, Google Калифорнияда тенг иш ҳақи тўғрисидаги қонунни бузди: эркаклар ва аёллар ўртасидаги иш ҳақи фарқи тахминан 17 минг долларни ташкил этди.
Шикоятда, шунингдек, Google аёлларнинг мартаба ўсишини чеклаб қўйган шиша шифтини эслатиб ўтади, бу эса эркакларникига қараганда камроқ иш ҳақи ва камроқ бонуслар берилишига олиб келади. 2021 йилда суд даъвогар фойдасига қарор чиқарди.
Бу компания учун биринчи бундай айблов эмас. 2021 йили Google компания аёл муҳандисларга кам ҳақ тўлагани ва Осиёдан ишга даъвогарларга эътибор бермагани ҳақидаги даъвони ҳал қилиш учун 2,5 миллион доллар тўлашга рози бўлган эди.