Apple iPhone ва MacBook дизайнери Жони Айв билан ҳамкорликни тўхтатди
Охирги ҳафталарда томонлар шартномани узайтириш борасида музокаралар олиб борган, бироқ келишувга эриша олмаган.
Apple компаниянинг собиқ бош дизайнери Жони Айв билан ҳамкорликни тўхтатди. Бу ҳақда New York Times нашри хабар бермоқда.
Айв 2019 йилда Apple’ни тарк этиб, LoveFrom дизайнлик фирмасига асос солган. Ўшанда Apple у билан юз миллион доллардан ортиқ маблағ эвазига кўп йиллик шартнома имзолаганди.
Ушбу шартнома Apple’ни фирманинг асосий мижозига айлантирди. Бундан ташқари, компания LoveFrom’нинг рақобатчилар билан ишлашини чеклаш ҳуқуқини ҳам олди.
Натижада LoveFrom бошқа мижозлар билан ишлай олмади ва бўлажак маҳсулотлар бўйича маълумот алмашиш имкониятига ҳам эга бўлмади.
Охирги ҳафталарда томонлар шартномани узайтириш борасида музокаралар олиб борган, бироқ келишувга эриша олмаган. Манбаларга кўра, Айв Apple рухсатисиз кўпроқ эркинликка эга бўлишни хоҳлаган.
Томонлар воқеага изоҳ беришдан бош тортгани маълум қилинди.
Дизайнерлар жамоаси эндиликда Apple’нинг бош операцион директори Жефф Уильямс томонидан назорат қилинади. Эванс Ханкей қурилмаларнинг дизайнига, Алан Дай эса дастурий таъминотга масъул бўлади.
Маркетологлар гуруҳини эса Apple’нинг маркетинг бўйича катта вице-президенти Грег Йосвяк бошқаради.
LoveFrom’нинг ҳозирги мижозлари орасида Airbnb ва Ferrari компаниялари бор. Айв эътиборини шаҳзода Чарльзнинг иқлим ўзгариши масалалари билан шуғулланувчи Sustainable Markets Initiative ташкилоти билан ҳамкорлик қилишга қаратмоқчи.
Айв 2019 йилда компанияни тарк этар экан, Apple директори Тим Кукнинг қарашларидан ҳафсаласи пир бўлганини айтганди. Унинг фикрича, Кук эътиборни дизайнга эмас, балки дастурий таъминот ва хизматларни сотиш соҳаларига қаратган. Кук бунга жавобан Айвнинг гапларини «бемаъни ва нотўғри» деб атаган эди.