Apple MacBook Air’нинг янги версиясини ишлаб чиқади
Ҳозирда Apple ноутбуклари қаторида иккита асосий бренд мавжуд: MacBook Air ва MacBook Pro.
Apple 2023 йилда бозор улушини ошириш учун ноутбуклар тўпламини иккита янги модель билан кенгайтиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Bloomberg манбаларга таяниб хабар берди.
Bloomberg манбаларига кўра, компания 2023 йилнинг баҳорида 15 дюймли MacBook Air ноутбукини тақдим этиши мумкин. Бу 2008 йилдан бери ишлаб чиқарилаётган сериялар тарихидаги бундай экран ўлчамига эга биринчи модель бўлади.
Янги қурилма 6 июнь куни Apple тақдим этган гаджет — дизайни қайта ишланган ва янги Apple М2 процессорига эга 13,6 дюймли MacBook Air’нинг кенгайтирилган версияси бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, Apple 12 дюймли қурилмани ишлаб чиқмоқда, у компаниянинг ҳозирги қаторидаги энг кичик ноутбук бўлиши мумкин. Манбаларнинг фикрича, бу модель 2023 йил охири ёки 2024 йил бошида ишлаб чиқилиши мумкин.
Apple шунингдек, М2 Pro ва М2 Мах процессорлари билан MacBook Pro’нинг янгиланган версияларини 2022 йил охири ёки 2023 йилнинг бошигача чиқаришни режалаштирмоқда.
Бозордаги вазият
Apple матбуот котиби изоҳ беришдан бош тортди. Mac компьютерлари Apple савдосининг 10 фоизини ташкил қилади.
IDC маълумотларига кўра, 2022 йилнинг биринчи чорагида Apple шахсий компьютерлар бозорининг 8,9 фоизини эгаллади — бу дунёдаги тўртинчи ўрин дегани. Етакчилар — Lenovo (22,7 фоиз), HP (19,7 фоиз) ва Dell (17,1 фоиз).
MacBook’лар ҳақида
Ҳозирда Apple ноутбуклари қаторида иккита асосий бренд мавжуд: MacBook Air ва MacBook Pro.
Биринчиси энди фақат 13,3 дюймли экран диагонали билан мавжуд. MacBook Pro Air’дан қимматроқ ва учта ўлчамда ишлаб чиқарилади — 13,3 дюйм, 14,2 дюйм ва 16,2 дюйм (охирги иккитаси дизайни жиҳатидан аввалгисидан фарқ қилади).
Янги компьютерлардан ташқари Apple 6 июнь куни смартфонлар, планшетлар, ақлли соатлар ва компьютерлар учун операцион тизимларнинг янги версияларини эълон қилди.