Apple’нинг Ҳиндистондаги заводи iPhone ишлаб чиқаришни тўхтатди
Маҳсулот ишлаб чиқаришдаги узилишга завод ходимларининг заҳарланиши сабаб бўлган.

Ҳиндистонда iPhone ишлаб чиқарувчи Тайваннинг Foxconn компанияси заводи ходимларининг оммавий заҳарланиши сабабли ёпилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Маълум қилинишича, Apple етказиб берувчиси норозиликларга сабаб бўлган ходимларнинг оммавий заҳарланиши туфайли Ҳиндистондаги заводида iPhone ишлаб чиқаришни тўхтатган. Apple ўзининг Хитойга қарамлигини камайтириш учун пул тикаётган Ҳиндистондаги заводида бундай можаро биринчи марта бўлаётгани йўқ.
Таъкидланишича, тахминан 17 минг киши ишлайдиган завод ҳафтанинг ўрталарига келиб тикланиши кутилмоқда. Аммо ишга 1000 нафар ишчи билан қайта старт берилади.
Бунга қадар заводда ишлайдиган 250 дан ортиқ аёл заҳарлангани маълум бўлган. Воқеа норозиликларни келтириб чиқаргач, ишчиларнинг яшаш шароитларини яхшилашга эътибор қаратилган. Уларнинг аксарияти завод яқинидаги ётоқхоналарда яшовчи аёллардир.
Штат расмийсининг айтишича, Foxconn ва пудратчиларининг ходимлар ётоқхоналарида хизмат қилувчи вакиллари штат ҳукумати билан учрашиш учун чақирилган. Расмийлар ишчиларнинг шароитларини яхшилаш, жумладан, озиқ-овқат, сув сифатини текшириш, шунингдек, ётоқхонада дам олишни ташкил етиш, ходимларни телевизор, кутубхона ва бошқалар билан таъминлашни талаб қилган.
Манбалардан бирининг хабар беришича, Foxconn ишлаб чиқаришни жуда тез оширганини тан олган. Шунингдек, заводни тўлиқ қувватда қайта очишдан олдин аста-секин модернизация қилишини таъкидлаган.
Агентлик сўров ўтказган таҳлилчиларнинг фикрича, iPhone 12’ни ишлаб чиқарувчи заводнинг ёпилиши маҳсулот етказиб беришга минимал таъсир кўрсатади. Шу билан бирга, ёпилиш коронавирус чекловлари ва давлат байрамлари келтириб чиқарган бошқа таъминот муаммолари фонида содир бўлган.
Қайд этилишича, Apple Ҳиндистонга катта пул тикиб, 2017 йилда мамлакатда iPhone’ларни йиғишни бошлаб юборган. У ерда ишлаб чиқариш узоқ муддатли истиқболда стратегик аҳамиятга ега, чунки Apple Вашингтон ва Пекин ўртасидаги савдо урушлари фонида Хитойдан таъминотга қарамлигини камайтиришга ҳаракат қилмоқда.
Бу ҳиндистонлик ишчиларнинг iPhone заводларидаги меҳнат шароитларига қарши биринчи марта чиқиши емас. 2020 йилда Apple Aндхра-Прадешда iPhone йиғувчи Тайваннинг Wistron компанияси билан ҳамкорликни тўхтатган. Ўшанда иш ҳақи қисқартирилгани ва меҳнат шароитларидан норози бўлган корхона ходимлари заводда погром уюштирган.
Аввалроқ Apple ходимлари оммавий иш ташлаш қилмоқчилиги ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Apple ҳар бир ходимига уйдан ишлаш шароитини яхшилаши учун 1000 доллар бериши хабар қилинди.






