Саудия Арабистони Осиё учун нефть нархини оширди
Arab Light'нинг сотув нархи 2,8 долларга ошиб, бир баррель учун 9,3 долларни ташкил қилган.
Saudi Aramco давлат нефть ва газ компанияси Осиёга август ойида етказиб бериладиган нефть нархини оширди. Бу ҳақда Reuters ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда.
Уларга кўра, Arab Light (Осиёга етказиб бериладиган нефтнинг асосий тури)нинг сотув нархи 2,8 долларга ошиб, бир баррель учун 9,3 долларни ташкил қилган. Агентлик маълумотларига кўра, Осиёда хом нефтга талаб юқорилигича қолмоқда.
Саудия Арабистони апрель ойида барча минтақалардаги харидорлар учун нефть нархини оширди. Бу Saudi Aramco’нинг биринчи чоракдаги фойдасини 82 фоизга, яъни 39,5 миллиард долларгача кўпайтиришга ёрдам берди.
Аввалроқ Reuters Россия Хитойга нефть етказиб бериш бўйича Саудия Арабистонини ортда қолдириб, биринчи ўринга чиққани ҳақида хабар берганди.
Июнь ойида йирик нефть ишлаб чиқарувчилар OPEC+ келишуви доирасида ишлаб чиқаришни кунига 648 минг баррелга оширишга келишиб олганди.
Россия ҳукумати бундай қарор нефть ва нефть маҳсулотларига талаб ортиб бораётгани сабабли қабул қилинганини таъкидлади.
Аввалроқ АҚШ Президенти Жо Байден бутун дунё бўйлаб нефть ва газ компанияларини ёқилғи нархи ошиши фонида энергия ишлаб чиқаришни кўпайтиришга чақирганди.