UzAuto Motors носозликни текшириш учун 3 турдаги автомобилларни «чақириб олади»
Nexia, Cobalt ва Lacetti автомобиллари дастурга киритилган.
UzAuto Motors 2021 йил 5-17 декабрда ишлаб чиқарилган Nexia, Cobalt ва Lacetti автомобилларини «чақириб олади». Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, UzAuto Motors ишлаб чиқарилаётган автомобиллар сифати ва мижозлар талабини қондиришни ўзининг асосий устувор вазифаси деб билади. UzAuto Motors бош директори Бо Андерссон бу йил компанияга келганида сифатни кескин оширишни ва ҳар қандай камчиликларга мутлақо муросасиз муносабатда бўлишни эълон қилган.
Сифат талабларидан келиб чиқиб, UzAuto Motors 2021 йил 5-17 декабрда ишлаб чиқарилган Nexia, Cobalt ва Lacetti автомобилларини «чақириб олиш» дастурини эълон қилди. «Чақириб олиш» дастури автомобилларнинг орқа ойна иситиш тизимини текшириш зарурати билан боғлиқ.
«Барча ишлар UzAuto Motors ходимлари томонидан дилерлик марказларининг сервис хизматида ишлаб чиқарувчининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади», дейилади хабарда.
Автомобиллари чақириб олиш дастурига тўгри келган барча автомобиль эгалари дилерлик марказлари ёки компания томонидан огоҳлантирилади.
Компания атрофидаги муҳокамалар
UzAuto Motors атрофида муҳокамалар давом этмоқда. Компания Chevrolet Lacetti ва Chevrolet Labo автомобилини 2021 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида кутаётган харидорларга мурожаат қилиб, етказиб бериш муддати 2 ойга узайтирилишини маълум қилганди.
Шунингдек, UzAuto Motors компанияси 20 ноябрь санасида Chevrolet Captiva-5 автомобилларини етказиб бериш бўйича шартномалар тўхтатилгани ҳақида расмий баёнот берганди. Компания Chevrolet Captiva-5 автомобилини етказиб бериш бўйича бекор қилинган шартномаларнинг маблағларини қайтариши ва компенсацияни амалга оширишини маълум қилди.
Аввалроқ Ўзбекистонда йирик солиқ тўловчиларнинг бюджет тушумларидаги улуши прогноз қилинганди. Қолаверса, UzAuto Motors 2020 йил божхона тўловидан деярли 2 баравар кам солиқ тўлагани маълум бўлди.
UzAuto Motors 20 декабрдан 2022 йил 1 февралгача муддатига Nexia, Spark, Cobalt, Lacetti автомобилларини сотиш бўйича янги аризалар қабул қилишни тўхтатди.