Ўзбекистонда йирик солиқ тўловчиларнинг бюджет тушумларидаги улуши прогноз қилинди
Мамлакатда Навоий кон-металлургия комбинати ва Олмалиқ кон-металлургия комбинати асосий солиқ тўловчи бўлиб қолмоқда
Ўзбекистонда йирик солиқ тўловчиларнинг бюджет тушумларидаги улуши қанча бўлиши прогноз қилинди. Бу ҳақда Молия вазирлигининг «Фуқаролар учун бюджет — 2022» (лойиҳа) нашрида сўз боради.
Унга кўра, мамлакатда Навоий кон-металлургия комбинати ва Олмалиқ кон-металлургия комбинати асосий солиқ тўловчи бўлиб қолмоқда ( жами 27,22 фоиз). Бунда НКМКнинг улуши қисқариб (20,1 фоиздан 17,82 фоизга), ОКМКники (6,4 фоиздан 9,4 фоизга) ортган. UzAuto Motors эса 0,73 фоиз тушумни таъминлайди.
Шунингдек, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи бюджет тушумининг 0, 60 фоиз улушини таъминлаши қайд этилган. «Ҳудудгазтаъминот» 1,20 фоиз, «Ўзбекнефтгаз» 1,70 фоиз ҳиссага тўғри келади.
Молия вазирлигининг маълум қилишича, 2022 йилда бошқа даромадлар 32 триллион 633,7 миллиард сўмни ёки давлат бюджетига тушумлар умумий ҳажмининг 16,3 фоизини ташкил этади. Бюджет даромадлари кўп жиҳатдан йирик солиқ тўловчи корхоналар иқтисодий холатига боғлиқ бўлади.
Аввалроқ Ўзбекистонда давлат бюджети даромадлари 170 триллион сўмдан ортиши кутилаётгани маълум қилинганди.