Германия компанияси Ўзбекистонда лаборатория омборхонаси қуриш учун 300 минг доллар ажратади
Инновацион ривожланиш вазири «LMS Consult GmbH & Co.KG» компанияси билан музокаралар ўтказди

Германия компанияси Ўзбекистон ҳудудида илмий лаборатория асбоб-ускуналари ва реагентларни сақлаш учун махсус омборхона қуради. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Ўзбекистон ҳукумати делегацияси таркибида Германияга ташриф буюрган. Сафари доирасида вазир 11 ноябрь куни «LMS Consult GmbH & Co.KG» компанияси бош директори Штеффен Беурмайстер билан музокаралар ўтказган.
Инновацион ривожланиш вазирлиги маълумотига кўра, музокаралар натижасида компания инвестициялари ҳисобидан Ўзбекистон ҳудудида илмий лаборатория асбоб-ускуналари ва кимёвий реагентларни сақлашга мўлжалланган махсус омборхона ташкил этиш бўйича битим имзоланган. Шунингдек, реагент ва реактивлар сотувини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик келишувига эришилган.
Қайд этилишича, биринчи босқичда, майдони 1000 квадрат метр бўлган омборхона ижарага олинади, уни жиҳозлашга ва лойиҳанинг дастлабки босқичини амалга ошириш учун 100 минг доллар миқдорида инвестиция киритилади. Иккинчи босқичда омборхона майдони 2 минг квадрат/метргача кенгайтирилади. Бунинг учун Германия компанияси қўшимча 200 минг доллар йўналтиради.
Аввалроқ Молия вазирлиги вакиллари Австрия банклари билан кредит масалаларини муҳокама қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкентда Туркия компанияси билан электр энергияси бўйича 109 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилиши хабар қилинди.






