Ўзбекистон Хитойга қадоқланган қуруқ мевалар экспортини оширади
«Made in Uzbekistan» брендли маҳсулотларни Хитойнинг электрон савдо майдончаларига жойлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Хитойга қадоқланган қуруқ мевалар етказиб бериш ҳажмини оширади. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон Хитойга ерёнғоқ, ёнғоқ, қуритилган ўрик ва унинг данаги, майиз ва бошқа қуритилган меваларни етказиб беради. Хусусан, Ўзбекистоннинг Хитой майиз импортидаги улуши 40 фоизни ташкил қилиб, бу мамлакатнинг импорт шериклари орасидаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси томонидан тегишли идоралар билан ҳамкорликда Хитойнинг йирик шаҳарларида олиб борилган реклама-кўргазма тадбирлари Ўзбекистонда тайёрланган тайёр маҳсулотларни йирик хитой бозорига олиб чиқиш имконини берган.
Хусусан, Хитой компанияси билан тузилган шартнома асосида Тошкентда фаолият юритадиган «Cherry-pick рroduction» корхонаси Ўзбекистоннинг VITA BOOM бренди остида (ҳар бири 200 граммдан) қадоқланган турли хилдаги ёнғоқ ва қуритилган меваларни Хитойга етказиб беришни бошлаган.
Таъкидланишича, қайта ишланган ва қиймат қўшилган тайёр маҳсулотларни экспорт қилиш мева-сабзавотларни хом-ашё кўринишида етказиб беришга қараганда кўпроқ фойда келтиради.
Шунингдек, тайёр маҳсулотларни харидорга сотишни жадаллаштириш мақсадида «Uzbekistan Airways» томонидан синов партиясининг етказиб берилган. Олиб борилаётган ишлар экспорт қилувчиларга юқори қўшимча қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва маҳсулотлар турини кенгайтириш имконини беради.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси томонидан «Made in Uzbekistan» ёзуви остида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Хитойнинг машҳур электрон савдо майдончаларига жойлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистон энг кўп мева-сабзавот экспорт қилган давлатлар хабар қилинганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев мева-сабзавот экспорти 5 миллиард долларга етказилишини айтгани ҳақида хабар берилди.