Ўзбекистонда 2021 йил қанча давлат харидлари амалга оширилгани маълум бўлди
Давлат харидлари бўйича жами бир миллиондан ортиқ битимлар тузилган.

Ўзбекистонда 2021 йил қиймати 11 триллион сўмлик давлат харидлари амалга оширилди. Бу ҳақда республика товар-хом ашё биржаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2021 йил якунларига кўра давлат харидлари бўйича электрон савдо тизими xarid.uzex.uz сайтида жами 11,0 триллион сўмлик 1 миллиондан зиёд битимлар тузилган. 2020 йил билан солиштирганда тузилган битимлар сон жиҳатдан 33,6 фоизга, ҳажми бўйича 2,6 бараварга ўсган.
Шунингдек, давлат харидлари бўйича ўтказилган электрон савдолар натижасида бюджет ва корпоратив буюртмачиларининг маблағларини тежалиши 2020 йилга нисбатан 86,8 фоизга ўсиб, 1,7 триллион сўмни ташкил қилган.
Қайд этилишича, ўтказилган электрон давлат харидларининг 40 фоизи бюджет буюртмачилари, 60 фоизи корпоратив буюртмачиларнинг улушларига тўғри келади. Электрон давлат харидларида иштирок этган тадбиркорлар (етказиб берувчилар)нинг сони 8200 тага кўпайиб, 21,3 мингтани ташкил қилган.
Таъкидланишича, энг кўп давлат харидлари соғлиқни сақлаш соҳаси (1 триллион 102,5 миллиард сўм), олий ва ўрта махсус таълими (504,1 миллиард сўм) ва халқ таълими тизимлари (356,3 миллиард сўм)да амалга оширилган.
Шу билан бирга, ҳудудлар кесимида энг йирик битимлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти (41,9 фоиз), Навоий (13,2 фоиз), Фарғона (5,7 фоиз) ва Самарқанд (5,4 фоиз) вилоятларида тузилган.
Бундан ташқари, 2021 йилда буюртмачи ва етказиб берувчиларнинг давлат харидларида иштирокини соддалаштириш мақсадида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси давлат харидлари электрон тизимининг оператори сифатида xarid.uzex.uz янги ягона порталини жорий этган.
Мазкур порталда давлат харидларнинг барча турлари бирлаштирилди ва маҳсулотларнинг барча параметрларини акс эттирувчи товарлар ва хизматларнинг ягона классификатори жорий қилинган. Бу, ўз навбатида, порталга лотларни жойлаштиришни осонлаштиради ва буюртмачиларга сифатсиз товарларни етказиб бериш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга кўмак беради.
Аввалроқ Аксилкоррупция агентлиги давлат харидларидаги коррупцион ҳолатлар ҳақида ахборот бергани хабар қилинганди.






