Россия банки раиси ўринбосари Ўзбекистон купюралари дизайнига баҳо берди
Михаил Алексеев Россияда пул муомаласининг асосий кўрсаткичларини тақдим этган

Ўзбекистон Марказий банкида Россия банки раисининг ўринбосари Михаил Алексеев билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, учрашув давомида Россия банки раисининг ўринбосари сўнгги йилларда Россияда пул муомаласининг асосий кўрсаткичларини тақдим этган. Хусусан, Россияда чиқарилаётган пул маблағлари ва тангалар сони йил сайин ортиб бораётгани қайд этилган.
Шу билан бирга, Михаил Алексеев Ўзбекистон Марказий банкининг пул белгиларини муомалага чиқариш борасидаги ютуқларини алоҳида таъкидлаб, мавжуд купюралар дизайнига юқори баҳо берган. Шунингдек, мулоқот якунида томонлар муҳокама қилинган масалалар юзасидан тажриба алмашишдан манфаатдор эканликларини билдирган.
Аввалроқ Сардор Умурзоқов Россия иқтисодий ривожланиш вазири билан қўшма лойиҳаларни муҳокама қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Россия II Ҳудудлараро ҳамкорлик форумида 9 миллиард долларлик битим имзолагани хабар қилинди.






