USM ҳолдинги Алишер Уcмоновга нисбатан қўлланган санкцияларга муносабат билдирди
Усмонов ҳолдинг бош компанияси устав капиталининг 50 фоиздан кам қисмига эгалик қилиши таъкидланди.
Европа Иттифоқининг тадбиркор Алишер Усмоновга нисбатан санкциялари USM ҳолдингига кирувчи компанияларга таъсир қилмайди. Бу ҳақда ҳолдинг матбуот хизмати хабар берди.
Европа Иттифоқи (ЕИ) 28 февраль куни Россия ҳарбийларининг Украинадаги махсус операцияси туфайли санкциялар рўйхатини кенгайтирди. Чеклов чоралари USM асосчиси Алишер Усмоновни ҳам четлаб ўтмади.
«Биз USM ҳолдинги асосчисига нисбатан санкцияларни асоссиз ва адолатсиз деб ҳисоблаймиз. Биз USM гуруҳи корхоналарига таъсир қилмайдиган шахсий санкциялар ҳақида гапираётганимизни таъкидлаймиз», дейилади компания баёнотида.
Қайд этилишича, Усмонов USM ҳолдинги бош компанияси устав капиталининг 50 фоиздан кам қисмига эгалик қилади ва гуруҳ корхоналарини назорат қилмайди.
«Шундай қилиб, Алишер Усмоновнинг Европа Иттифоқи санкциялари рўйхатига киритилиши ушбу санкцияларнинг USM ҳолдинги компанияларига таъсирини кенгайтирмайди», дейилади USM хабарида.
USM металлургия ва тоғ-кон саноати, телекоммуникация ва технология соҳаларидаги активларни бошқаради. Гуруҳ 2012 йилда Алишер Усмонов ва унинг шерикларининг турли лойиҳаларини бирлаштириш мақсадида ташкил этилган. USM активлари орасида «Металлоинвест», «Удоканская медь», Akkerman Cement ва «МегаФон» бор.
Аввалроқ ЕИ Россиянинг энг бой миллиардерларига қарши санкция жорий қилиши мумкинлиги хабар қилинганди.