Япониядан Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига авиарейслар йўлга қўйилиши мумкин
Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар сабаб япониялик туристларнинг Ўзбекистон тарихи ва маданий меросига бўлган қизиқиши тобора ортиб бормоқда

Ўзбекистон делегациясининг Японияга ташрифи доирасида бош вазир ўринбосари – туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов All Nippon Airlines (ANA) авиакомпанияси вице-президенти Жуничиро Миягава билан музокара ўтказди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, учрашувда Япониядан Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига тўғридан-тўғри авиарейсларни йўлга қўйиш, мамлакатга келувчи япониялик сайёҳлар оқимини ошириш ва туризм соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилган.
Япония томонга Ўзбекистоннинг бой туристик салоҳияти ҳамда давлат раҳбари бошчилигида соҳада амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, жумладан, фуқаролик авиаташувлар бозорини либераллаштиришга оид чора-тадбирлар, мамлакатнинг ҳудудий аэропортларида очиқ осмон режимининг жорий этилиши, хизмат кўрсатиш соҳасидаги имтиёзлар ҳақида маълумот берилган. Шунингдек, Самарқанддаги янги замонавий аэропорт терминали ҳамда Silk Road Samarkand туристик маркази фаолиятининг йўлга қўйилишига алоҳида эътибор қаратилган.

Жуничиро Миягава, ўз ўрнида, Ўзбекистон япониялик сайёҳлар учун жозибадор мамлакат эканини қайд этиб, Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар сабаб япониялик туристларнинг Ўзбекистон тарихи ва маданий меросига бўлган қизиқиши тобора ортиб бораётганини таъкидлаган.

2022 йилнинг 4 августидан Uzbekistan Airways АЖ томонидан Тошкент—Токио—Тошкент халқаро йўналишидаги мунтазам рейслар тиклангани ҳамда фуқаролик авиаташувларни ривожлантиришда яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилганини инобатга олиб, ANA авиакомпаниясининг Япониядан Ўзбекистоннинг туристик шаҳарлари (Самарқанд, Бухоро, Урганч) га авиарейсларни йўлга қўйиш таклиф этилган.
Музокаралар якунига кўра, Япония туристик агентликлар ассоциацияси (JATA) кўмагида Японияда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилишга оид промо-тадбирлар ўтказиш, кунчиқар мамлакат туркомпаниялари ва ОАВ вакиллари иштирокида инфо-тур ташкил этиш бўйича келишувга эришилган.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг транспорт логистикаси, хусусан, Самарқанддаги янги аэропорт инфратузилмаси билан яқиндан танишиш ҳамда тегишли ташкилотлар раҳбарлари билан манзилли музокаралар ўтказиш учун ANA авиакомпанияси раҳбарияти ташрифи режалаштирилган. Бундан ташқари, All Nippon Airlines компаниясининг Токио ва Осака шаҳарларидан Самарқанд шаҳрига чартер дастурларини амалга ошириш масаласини ишлаб чиқишга келишилган.






