Жиззах ҳокими қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига салкам 2 млрд сўм ажратганига изоҳ берилди
Вазирлар Маҳкамасида «Ҳосил байрами»га тайёргарлик кўриш ва уни нишонлаш бўйича йиғилиш ўтказилган.

Жиззах вилояти ҳокимлиги Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан ажратилган маблағ юзасидан расмий муносабат билдирди. Бу ҳақда ҳокимлик матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, «Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги қонунга асосан Ўзбекистонда ҳар йили декабрь ойининг иккинчи якшанба куни Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни сифатида кенг нишонлаш белгиланган.
Шу муносабат билан Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини нишонлаш бўйича 2021 йилнинг 27 ноябрь куни бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида Вазирлар Маҳкамасида «Ҳосил байрами»га тайёргарлик кўриш ва уни нишонлаш билан боғлиқ ташкилий чора-тадбирлар бўйича йиғилиш ўтказилган.
Қайд этилишича, йиғилиш баёнининг 4-бандида Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг бир ҳафта муддатда Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни — «Ҳосил байрами»ни нишонлашга пухта тайёргарлик кўриш, эпидемиологик вазият талабларидан келиб чиққан ҳолда тадбир ўтказиладиган объектларни танлаш ва тайёрлаш, байрамни юқори савияда ташкил этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиши белгиланган.
Бунда қишлоқ хўжалиги ва ҳудудларни ривожлантириш борасида сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари, жорий қилинаётган илғор тажрибалар, замонавий техника ва технологиялар бўйича кўргазмалар ташкил қилиш, аграр соҳа тармоқларида самарали меҳнат қилаётган фаолларни байрам тадбирларида моддий ва маънавий рағбатлантириш назарда тутилиши белгиланган.
Шунга асосан, Жиззах вилояти ҳокимлиги томонидан вилоят маҳаллий бюджети даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми маблағлари ҳисобидан 1 миллиард 894 миллион 814 минг сўм маблағ 2021 йилнинг 11 декабрь куни Жиззах вилояти Дўстлик туманида йигирма минг аҳолига халқ сайли тарзида «Ҳосил байрами» ташкил этиш учун ажратилган.
Шунингдек, 12 декабрь куни мингга яқин аграр соҳа тармоқларида самарали меҳнат қилаётган фаоллар, жумладан, механизатор, илғор фермерлар ва уларнинг ишчилари, шунингдек қишлоқ хўжалигида банд бўлганларни моддий ва маънавий рағбатлантириш ҳамда байрам тадбирини юқори савияда ўтказиш кўзда тутилган.
Аввалроқ Жиззахда қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини нишонлаш учун салкам 2 миллиард сўм ажратилгани хабар қилинганди.






