Apple ҳар бир ходимига уйдан ишлаш шароитини яхшилаши учун 1000 доллар беради
Компания ишчиларни офисга қайтиш санаси ҳақида тўрт ҳафта олдин огоҳлантиради.

Apple бош директори Тим Кук ходимларига мактуб йўллаб, COVID-19’нинг янги штамми тарқалиши сабабли офисларга қайтиш номаълум муддатга қолдирилганини маълум қилди. Бу ҳақда Bloomberg ёзмоқда.
Қайд этилишича, Apple ҳар бир ходимга масофадан туриб ишлаш учун уйда керак бўладиган жиҳоз сотиб олишга 1000 доллар бонус беришга қарор қилган.
Ходимлар офисга қайтганида, чоршанба ва жума кунлари уйдан ишлашга рухсат берилади. Кук, шунингдек, компания тўрт ҳафта олдин офисга қайтиш санаси ҳақида хабар беришини ваъда қилган.
Маълумот ўрнида, 2020 йил декабрь ойида Кук ходимлар 2021 йилнинг июнида офисда ишлаш режимига қайтиши мумкинлигини айтганди. Кейинчалик Apple бир неча бор офисга қайтиш режасини ортга сурди.
Аввалроқ Google ходимлари компаниянинг коронавирусга қарши эмлаш сиёсатига риоя қилишдан бош тортса, иш ҳақидан айрилиши ва якунда ишдан бўшатилиши ҳақида хабар берилганди.






