ОКМК камида 500 млн долларлик халқаро облигациялар жойлаштириши мумкин
Еврооблигацияларни қайси бозорда жойлаштириш борасида ОКМК раҳбарияти ҳали бир қарорга келмаган

Олмалиқ кон-металлургия компанияси 2022 йил ўрталарида камида 500 миллион долларлик еврооблигацияларни жойлаштириш масаласини ўрганмоқда. Бу ҳақда «Cbonds.ru» хабар берди.
Қайд этилишича, ОКМК бошқаруви раиси Абдулла Хурсанов комбинат принципиал жиҳатдан еврооблигациялар чиқаришга тайёрлигини айтган.
«Биз принципиал жиҳатдан еврооблигациялар чиқаришга тайёрмиз. Захираларимизни тасдиқлаганимиздан сўнг, ҳозирда бизга сармоя киритмоқчи бўлганлар кўп. Еврооблигациялар чиқаришга тайёргарлик кўриш жараёнида завод икки йилдан буён халқаро стандартларга мувофиқ ҳисоботлар бериб келмоқда. Хусусан, бундай ҳисоботлар 2019 ва 2020 йиллар учун чиқарилган. Завод халқаро рейтинглардан ҳам жой олди», — дейди Абдулла Хурсанов.
Еврооблигацияларни қайси бозорда жойлаштириш борасида ОКМК раҳбарияти ҳали бир қарорга келмаган.
Аввалроқ «Ўзбекнефтгаз» Лондон фонд биржасига 700 миллион долларгача еврооблигациялар чиқариши ҳақида хабар берилганди.






