
ОТБ Ўзбекистон молия бозорини ривожлантириш учун 100 млн доллар ажратади
Маблағлар Ўзбекистон бюджетининг харажатларини молиялаштириш учун фойдаланилади.

Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон молия бозорини ривожлантиришга 100 миллион доллар ажратади. Бу ҳақда Norma хабар берди.
Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 февралдаги «Осиё тараққиёт банки иштирокида ‘Молия бозорини ривожлантириш дастури’ лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.
Қайд этилишича, 2021 йил 7 октябрда Осиё тараққиёт банки директорлари кенгаши томонидан «Молия бозорини ривожлантириш дастури» лойиҳаси доирасида Ўзбекистонга 25 йил муддатга 5 йиллик имтиёзли давр билан 100 миллион доллар миқдорида қарз ажратилиши тўғрисида қарор қабул қилинган.
ОТБ маблағлари Ўзбекистон бюджетининг харажатларини молиялаштириш учун фойдаланилади. Молия вазирлиги — лойиҳанинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва мониторинг олиб бориш, шунингдек, ОТБ маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши юзасидан масъул ижро этувчи орган ҳисобланади.
Таъкидланишича, валюта хатарларини қисман хеджирлаш мақсадида халқаро молиявий контрагентлар билан ҳамкорликда ОТБ маблағларининг 20 миллион доллар миқдоридаги қисми бўйича 3 йил муддатга илк синов своп операциясини амалга ошириш назарда тутилган.
ОТБ маблағларини қайтариш ва фоиз бўйича тўловлар ҳамда илк синов своп операцияси доирасида амалга ошириладиган фоиз тўловлари билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон республика бюджетининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Бунда, Халқаро своп ва деривативлар ассоциациясининг бош келишувига асосан тушадиган даромадлар республика бюджетининг даромадлари сифатида акс эттирилади.
Шунингдек, Марказий банкка лойиҳани ҳамда Халқаро своп ва деривативлар ассоциацияси билан транзакцияларни амалга оширишда молиявий агент функциясини бажариш тавсия этилган.
Осиё тараққиёт банки томонидан «Молия бозорини ривожлантириш дастури» лойиҳаси доирасида ажратиладиган қарзни қайтариш ва фоиз бўйича тўловларни амалга оширишнинг прогноз жадвали тасдиқланган.
Ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 8 февралдан кучга кирган.
Аввалроқ ОТБ Ўзбекистонда салкам 3 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириши хабар қилинганди. Шунингдек, ОТБ Бухоро ва Хоразмни боғловчи темир йўл линиясига 162 миллион доллар ажратиши ҳақида хабар берилди.




