Ўзбекистонда етим болаларга ажратиладиган уй-жойлар ҳам солиққа тортиладими?
Уй-жой билан таъминлаш Президентнинг қарорига асосан ажратиладиган бир марталик совға ҳисобланади.

Ўзбекистонда етим болаларга ажратиладиган уй-жойларнинг солиққа тортилиши ёки тортилмаслигига ойдинлик киритилди. Бу ҳақда Norma хабар берди.
Маълум қилинишича, Президентнинг 2021 йил 8 августдаги «Eтим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан етим болалар уй-жой билан таъминланади. Уй-жойни олишда солиқ оқибатлари юзага келиш-келмаслигини Молия вазирлиги департаменти директорининг биринчи ўринбосари Умид Ҳамроев тушунтириб берган.
Қайд этилишича, 15 августдан бошлаб ўзларига бириктирилган турар жойга эга бўлмаган ва турар жойга муҳтожлар сифатида ҳисобда турган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга улар 18 ёшга тўлган йилда кўп квартирали уй-жойлардан умумий майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали квартира берилади. Шунингдек, вояга етган етим болалар ўртасида никоҳ тузилган ҳолларда, 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар ажратилади.
Бундай тоифадаги болалар учун квартиралар Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан кўчмас мулкнинг бирламчи бозоридаги шаҳар ва туманларда қурилган кўп квартирали уй-жойлардан харид қилинади.
Тегишли туман (шаҳар)да кўчмас мулк бирламчи бозорида квартиралар мавжуд бўлмаганда, ҳудудий «Халқпарвар» комиссиялари хулосасига асосан кўчмас мулкнинг иккиламчи бозоридан тегишли мезонларга мувофиқ ҳолда харид қилинади. Шунингдек, уй-жой харид қилиш ва қуриш учун маблағлар Давлат бюджетидан ажратилади.
Таъкидланишича, солиқ солиш мақсадларида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш Президентнинг қарорига асосан ажратиладиган бир марталик совға ҳисобланади. Уй-жой қиймати ЖШДСни ҳисоблашда жами даромад таркибига киритилмайди.
Аввалроқ Тошкентда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлганларга уй-жой харид қилиш учун қанча пул ажратилгани маълум бўлгани хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда уй-жойга муҳтож хотин-қизларни хонадон билан таъминлаш тартиби белгилангани ҳақида хабар берилди.






