Ўзбекистонга 2021 йил хориждан қанча пул ўтказилгани маълум бўлди
Ўзбекистондан 1,6 миллиард доллар миқдорида валюта маблағлари четга жўнатилган.

Ўзбекистонга 2021 йилда халқаро пул ўтказмалари орқали 8,1 миллиард доллар валюта маблағлари келиб тушди. Бу ҳақда Марказий банк томонидан тақдим этилган ички валюта бозорининг 2021 йил ҳолати бўйича қисқача шарҳида сўз боради.
Қайд этилишича, 2021 йилда халқаро пул ўтказмалари орқали республикага 8,1 миллиард доллар миқдорида валюта маблағлари келиб тушган. Ушбу кўрсаткич 2019–2020 йилларга нисбатан 34 фоизга ошган (6 миллиард доллар).
Маълум бўлишича, 2021 йилда жисмоний шахслар томонидан чет эл валютасига бўлган таклиф ҳажми унга бўлган талаб ҳажмидан 2,5 миллиард долларга ортиқ бўлди (2020 йил 5 баробар кўп). Бу ўз навбатида, ички валюта бозорида қўшимча таклиф манбаи бўлиб хизмат қилди.
Шунингдек, халқаро пул ўтказмалари орқали Ўзбекистондан 1,6 миллиард доллар миқдорида валюта маблағлари четга жўнатилган.
Аввалроқ Ўзбекистонга трансчегаравий пул ўтказмаларини амалга ошириш мақсадида Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки (Ўзмиллийбанк) негизида «Ягона трансчегаравий пул ўтказмалари» тўлов тизими ташкил этилиши маълум қилинганди.






