Qeshm Air авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам парвозларни йўлга қўйди
Эроннинг Qeshm Air компанияси Ўзбекистонга мунтазам авиарейсларни йўлга қўйди. Парвозлар ҳафтада бир марта — пайшанба кунлари амалга оширилади.

22 декабрь куни маҳаллий вақт билан соат 12:53 да Эроннинг Qeshm Air авиакомпаниясининг самолёти Тошкент халқаро аэропортига келиб қўнди. Теҳрон — Тошкент — Олмаота — Теҳрон йўналиши бўйича учган Airbus A300−600 борти анъанавий тарзда сув аркаси билан кутиб олинди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports хабар берди.
Мунтазам рейслар ҳафтада бир марта — пайшанба кунлари амалга оширилиши режалаштирилган.
Парвозларнинг очилиши Ўзбекистон ва Эрон раҳбарияти ўртасида — сентябрь ойида Эрон ислом республикаси президенти Иброҳим Раисийнинг мамлакатга расмий ташрифи чоғида эришилган келишувлар самараси ҳисобланади.
Хусусан, ташриф давомида Эрон ва Ўзбекистон ўртасида, бир қатор виза тартиб-таомилларини соддалаштириш ва сайёҳлик оқимини кучайтиришга қаратилган, туризм соҳасида ҳамкорлик дастури қабул қилинди.






