Қозоғистон энергетика вазирининг собиқ ўринбосари ҳибсга олинди
Жумабой Қарағаев 2019 йил энергетика вазири ўринбосари этиб тайинланганди.

Қозоғистон энергетика вазирининг собиқ ўринбосари Жумабой Қарағаев қўлга олинди. Бу ҳақда республика Молиявий мониторинг агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
«Молиявий мониторинг агентлиги Манғистов вилояти ҳудудий бошқармасининг тергов гуруҳи томонидан Қозоғистон энергетика вазири ўринбосари Жумабой Қарағаев, электрон савдо майдончалари раҳбарлари ва Манғистов вилоятида суюлтирилган нефть гази нархининг асоссиз оширилишига алоқадор шахслар қўлга олинди», дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Карағаевга нисбатан суд қарори билан тергов органи томонидан танланган ва вилоят прокуратураси томонидан қўллаб-қувватланган икки ой муддатга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Маълум қилинишича, тергов давом этмоқда. Тергов манфаати учун бошқа маълумотлар ошкор этилмаслиги агентлик хабарида қўшимча қилинган.
Маълумот ўрнида, 15 январь куни эрталаб Қозоғистон бош вазири сайтида Қарағаев энергетика вазири ўринбосари лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар пайдо бўлган. 50 ёшли Жумабой Қарағаев йиллар давомида Атирау ва Манғистов вилоятларида бир қатор хусусий компанияларни бошқарган.
Шунингдек, у Атирау вилояти ҳокимлиги таркибида ишлаган. 2019 йил декабрь ойида энергетика вазири ўринбосари этиб тайинланган эди.
Аввалроқ Назарбоевнинг икки куёви йирик компаниялар раҳбарлигидан кетгани хабар қилинганди.






