Савдо марказлари талон-торож қилинмоқда. Қозоғистондаги воқеалар туфайли бизнесга қанча зарар етди?
Жами 300 тага яқин тадбиркорлик субъектларининг зарар кўргани аниқланган.

Қозоғистонда ноқонуний хатти-ҳаракатлар ва сўнгги воқеалар туфайли бизнесга етказилган дастлабки зарар 40 миллиард тенге (91,8 миллион доллар)га баҳоланмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон Миллий тадбиркорлар палатаси маълумотларига таяниб, Sputnik хабар берди.
Маълум қилинишича, тадбиркорлар палатаси бизнес бирлашмалари билан биргаликда кўрилган зарарнинг тахминий миқдори тўғрисида маълумот тўпламоқда. Маълумотларга кўра, 43 та объектда, жумладан, 12 та савдо-кўнгилочар маркази ва савдо уйларида жойлашган 300 тага яқин тадбиркорлик субъектлари аниқланган.
Қайд этилишича, зарарнинг катта қисми савдо, умумий овқатланиш, транспорт, хизмат кўрсатиш соҳалари, шунингдек, молия сектори субъектларига, хусусан, банкоматларга етказилган. Бундан ташқари, Олмаотада олтита қурол-яроғ дўкони талон-тарож қилингани ҳақида хабар берилган.
«Зарарнинг умумий миқдори тахминан 40 миллиард тенгени ташкил этмоқда. Аммо, ҳозирча зарарнинг ҳаммасини ҳисоблашнинг имкони йўқ, чунки кўпчилик ижарачиларнинг объектларидан хабар олишнинг имкони йўқ», — дея қўшимча қилган ташкилот.
Зарарнинг моддий хусусияти, асосан, бинолар олд қисмлари, кириш жойлари, иморатларнинг шикастланиши, шунингдек, қимматбаҳо техникалар, жиҳозлар, ички буюмлар, товар захиралари ва бошқаларни ўғирлашнинг кўплаб ҳолатларидан иборат.
Аввалроқ Қозоғистондаги намойишлар иқтисодиётга қандай таъсир қилгани ҳақида хабар берилганди.






