Шавкат Мирзиёев маҳаллий саноатни ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди
Ўзбекистонда 2023 йилда қурилиш материаллари экспорти 900 млн долларга етказилади

Шавкат Мирзиёев маҳаллий саноатни ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев мутассадиларга қурилиш материаллари экспортини 2023 йилда 900 миллион долларга етказиш, ички бозор учун 5 триллион сўмлик қўшимча маҳсулот ишлаб чиқариш вазифасини юклаган.
Бунда:
– қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилар учун камида 7 йиллик, 2 йил имтиёзли давр билан «Саноат ипотекаси» дастурини ишлаб чиқиш ва бунга биринчи босқичда 50 миллион доллар ресурс йўналтириш;
– Нукус шаҳри, Булоқбоши, Қоровулбозор, Фориш, Чуст, Пахтачи, Сариосиё, Ўзбекистон туманларида қурилиш материаллари индустриал зоналарини ташкил этиш;
– Испания, Италия ва Туркиянинг етакчи корхоналари билан музокара ўтказиб, Ангренда чинни идишлар ва сантехника буюмлари ишлаб чиқариш кластерини ташкил қилиш;
– келгуси йилда Навоий, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида каолиндан кластер усулида тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича камида 200 миллион долларлик 10 та лойиҳани ишга тушириш топширилди.
Аввалроқ Президент имтиёзлар самарадорлиги таҳлили бўйича йиғилиш ўтказгани ҳақида хабар берилганди.






