«ЯИМни 2025 йилгача 100 млрд долларга етказишни режа қилганмиз» — Шавкат Мирзиёев
Президент замон талабларига мос келадиган ва зарур билимлар билан қуролланган авлодни тайёрлаш кераклигини таъкидлади.

Ўзбекистонда ЯИМ 2025 йилга қадар 100 миллиард долларга етказилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев ихтисослаштирилган мактабларда таълим ва тарбия сифатини тубдан ошириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда маълум қилди.
Хабар берилишича, 2025 йилга қадар ялпи ички маҳсулотни 100 миллиард долларга етказишни ва экспорт ҳажмини 30 миллиард доллардан оширишни режа қилинган.
«Бунинг учун бизга, энг аввало, ҳозирги замон талабларига мос келадиган ва зарур билимлар билан қуролланган, мантиқий фикрлайдиган, лидерлик қобилиятига эга бўлган ватанпарвар ёш авлодни тайёрлашимиз керак», — деган Президент йиғилишда.
Шу муносабат билан соҳа мутасаддилари ва вилоят ҳокимларига ишни қайси йўналишларда ташкил этиш бўйича топшириқ берилган.
Таъкидланишича, янги ўқув йилидан бошлаб, вилоят марказларидан, катта шаҳар ва туманлардан 2 тадан, туман ва шаҳарлардан 1 тадан ихтисослашган мактаблар Халқ таълими вазирлигидан Президент таълим муассасалари агентлигига ўтказилади.
Бунда, туман ва шаҳарлардаги саноат ва қишлоқ хўжалигининг ривожланганлиги, бу ҳудудларда азалдан кучли ўқитилган фанлардан келиб чиқиб, мактаблар ихтисослашиши керак. Шунингдек, бундан буён ихтисослашган мактаблар Президент таълим муассасалари агентлиги тизимида ташкил этилади.
Аввалроқ Обид Ҳакимов Ўзбекистонда ЯИМ ҳажмини 2,5 фоизга ошириш мумкинлиги ҳақида гапиргани хабар қилинганди.






