Шавкат Мирзиёев Қашқадарёда Uzbekistan GTL заводини очиб берди
Лойиҳанинг умумий қиймати 3,4 миллиард долларни ташкил этади.

Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилояти Ғузор туманида янги бунёд этилган Uzbekistan GTL заводини очиб берди.
Президент матбуот хизматининг ёзишича, завод йилига 3,6 миллиард метр куб табиий газни қайта ишлаб, 307 минг тонна авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ тайёрлаш қувватига эга. Яна шундай технологик имконият борки, мажмуа бешта режимда ишлай олади. Қайси маҳсулотга кўпроқ буюртма бўлса, шунга мослашиб, ўша товар ҳажми оширилади.

Қайд этилишича, иш жараёнида ҳосил бўладиган буғдан йилига 650 миллион киловатт-соат электр энергияси олинади. Бу орқали завод ўзини ўзи электр билан таъминлайди. Шунингдек, яқиндаги Шўртан газ-кимё мажмуаси ва энди қуриладиган корхонага ҳам қувват етказиб беради. Бунинг эвазига тежалган электр энергияси хонадонлар ва тадбиркорларга йўналтирилади.

Telegram’даги «Xushnudbek.uz» каналининг ёзишича, Шавкат Мирзиёев завод қурилиши бошланганда, айримлар бунга шубҳа билан қарагани ҳақида гапирган:
«Тўғриси, биз GTL лойиҳасини бошлаганимизда, кўпчилик буни уддалашимизга шубҳа билан қараган эди. ‘Қилолмайсизлар, қўлларингиздан келмайди’ дейишганди.
Лекин, биз қатъий интилиш ва машаққатли меҳнатимиз билан, барчамиз биргаликда мураккаб синов ва қийинчиликларни енгиб ўтиб, мана шундай янги ва замонавий, юқори технологик мажмуани барпо этишга эришдик. Бу билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди».
Қайд этилишича, Президент коронавирус пандемияси даврида заводда меҳнат қилган ҳодимлар ҳақида ҳам сўз очган.
«Айниқса, коронавирус пандемияси даврида 10 мингдан ортиқ ишчи карантин талабларига қатъий амал қилиб, узоқ вақт оиласи, яқинларидан олисда ишлаб, ҳақиқий қаҳрамонлик намунасини кўрсатди, десак, ҳар томонлама тўғри бўлади.
Фурсатдан фойдаланиб, қиймати 3,4 миллиард доллар бўлган, GTL заводи қурилишида муносиб иштирок этган барча мутахассислар, фидойи қурувчи, муҳандис ва лойиҳачилар, ҳурматли хорижий ҳамкорларимизга чуқур миннатдорчилик билдираман», — деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, сафар давомид замонавий лаборатория, техник сув таъминоти иншооти ҳам кўздан кечирилган. Завод атрофида ишлаб чиқаришни сателлит асосида ривожлантириш, ишчилар учун уй-жойлар, спорт ва маданият масканлари қуриш бўйича кўрсатмалар берилган.






